Марказий Осиёда Ўзбекистон яширин иқтисодиёт бўйича биринчи ўринда

Яширин иқтисодиёт тўғрисида Озодлик радиоси озарбайжон хизмати эълон қилган карикатура.

Ўзбекистонда 2019 йилда яширин иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 52,11 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, Жаҳон банки экспертлари яширин иқтисодиёт улуши бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи ўринга чиққанини билдирган. Қиёслаш учун, бу кўрсаткич Тожикистонда 40,76 фоиз, Қозоғистонда 36,65 фоиз ва Қирғизистонда 30,53 фоизни ташкил қилади.

Расмий маълумотда таъкидланишича, яширин иқтисодиёт Ўзбекистонда 2003 йилдан бери ўсиб бормоқда. Жумладан, 2003 йилда яширин иқтисодиёт даражаси 35 фоиз бўлган, 2011-2017 йиллларда эса 45-50 фоизга етган.

Мутахассисларга кўра, 2019 йилда яширин иқтисодиёт ортидан йиллик йўқотиш 16-17 миллиард долларга тенг бўлган.