МИБнинг айрим ваколатлари бекор қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан тузилган.

Марказий ижро бюросидан электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузишга оид жиноятларни аниқлаш ваколати олиб ташланди. Бу меъёр "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини яна-да такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонда белгилаб қўйилди.

Фармонга асосан, бундан буён электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузишга оид жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш билан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти шуғулланади.

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш эса ички ишлар органлари зиммасига юқланди.

Бундан ташқари, фармон билан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари МИБ органларига жаримани ихтиёрий тўлаш учун муддатлар тугаганидан сўнг тақдим этилади.

Шунингдек, мулкий тусга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ундириладиган ижро йиғими ундирув суммаси БҲМнинг 1000 баравари (223 миллион сўм)дан ортиқ бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича ундирилаётган сумманинг 5 фоизи, ундирув суммаси БҲМнинг 1000 баравари (223 миллион сўм)дан ортиқ бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ундирилаётган сумманинг 2 фоизи миқдорида ўрнатилади.