Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари декабрь ойида видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилги МДҲ саммитига Ўзбекистон раислик қилади.
“Ўзбекистон ва Россия Президентлари коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатида келиб чиққан глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор суръат билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар”,-дейилади хабарда.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, “суҳбат ҳар доимгидек самимий, дўстона ва конструктив руҳда ўтди”.