Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти энергетиклари устидан судга мурожаат қилди

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси пойтахт вилоятида электр таъминоти учун масъул корхоналар фаолияти юзасидан маъмурий судларга мурожаат қилган. Қўмитага кўра, мазкур ташкилотлар “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни бузган.

Қўмита қайдича, энергетиклар октябрь ва ноябрь ойларида электр энергиясидан қарзи бўлган истеъмолчиларни тармоқдан узиб қўйганлар ва абонентлар томонидан тегишли тўловлар амалга оширилиб, корхонага тармоққа қайта улаш бўйича берилган буюртмалар мавжуд бўлишига қарамай, истеъмолчиларни электр тармоғига қайта улаш ишларини кечиктирганлар.

Хабарномада ўтган ҳафта Тошкент туманидаги қарийб 17 минг истеъмолчи электр энергиясидан қарз бўлиб қолгани сабабли амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда уларнинг таъминотини тўхтатгани айтилган.

Бу каби хатти-ҳаракатлар ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси электр таъминоти учун масъул ташкилотлар раҳбарларига нисбатан чора кўришга киришган. Хусусан, Олмалиқ шаҳридаги 279-сонли электр трансформаторга уланган истеъмолчилар ўрнатилган тартибда огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узиб қўйилгани учун “Олмалиқ шаҳар электр таъминоти” корхонаси раҳбари А. Уразалиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига асосан 16 ноябрь куни маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар Олмалиқ шаҳар маъмурий судига юборилган.

Шу каби ҳужжатлар Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан ҳам расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилган.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетгани ортидан электр ва газ таъминотида узилишлар кўп кузатилмоқда.