Линклар

Шошилинч хабар
26 июл 2021, Тошкент вақти: 19:09

Ўзбекистонда энергетик коллапс - бутун бошли туманлар электр ва газдан узилганича қолмоқда


Ўзбекистонда 18 ноябрдан ҳаво кескин совиб, қор ёғиши билан мамлакат бўйлаб энергетик бўҳрон юзага келди.

Тошкентда қозонхона ва қувурлар ишдан чиқмоқда, аксар вилоятларда электр токи узилган, суюлтирилган газ учун навбатлар узаймоқда.

Расмийлар энергия инқирозини об-ҳаво совиб, электр истеъмоли кескин ортгани билан изоҳламоқда, аммо йиллардан буён айни муаммо такрорланаётганига жўяли изоҳ йўқ.

Президент бу йил қиш қаттиқ келишини айтиб, Тошкентда тайёргарлик учун бош вазир А. Ариповни, вилоятлар учун бош вазир биринчи ўринбосари О. Раматовни масъул қилганди.

Ш. Мирзиёев эса 2016 йилда президентликка сайланишидан олдин электр ва газ муаммосини ҳал қиламан, деб ваъда берган эди. Аммо муаммо ҳал бўлмади, аксинча оғирлашмоқда.

Озодлик вазият билан боғлиқ сўнгги хабар, фото ва видеоларни махсус блогга жойлади. ZIMISTON-UZ блогига ёзинг: Ozodskype, @ozodlik, ozodlikmail@gmail.com, WhatsApp + 420 608 549 460

Тошлоқда норози аҳоли свет-газ талаб қилиб йиғилди

Тошлоқ туманида бир гуруҳ норози аҳоли маҳаллий раҳбарлардан свет ва газ талаб қилаётгани акс этган видеони 24 ноябрь куни блогер ва журналист Зафар Солижонов ўз Телеграм каналида эълон қилди.

Видеода совуқ жондан ўтганидан нрози бўлган аёллар электр токи берилишини талаб қилишган.

Уларнинг мурожаатларини қоғозга қоралаётган расмийлар эса норозиларнинг саволларини очиқ қолдиришган.


Бу ерда ҳам норозилар электр токи узилиши билан аҳоли сувдан ҳам узилиб қолишини айтмоқда.

Табиий газ эса бу ҳуддудда ҳам йиллардан буён берилмаётир, суюлтирилган газ таъмииноти ҳам ёмонлашган.

Тошлоқ туман ҳокимлиги бу воқеага ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Яшнободда 500 хонадон ва 4 ширкат газдан узилди

Hududgaz Poytaxt газ таъминоти филиали (ГТФ) матбуот хизмати 24 ноябрь соат 09:00 дан 17:00 гача "Олмос" маҳалласидаги ўрта босимли газ қувури таъмирланишини маълум қилди.

Таъмир якунига қадар маҳалладаги 500 ҳовли уй ва 4 ширкат табиий газдан вақтинчалик узилади.

Таъмир ишлари нега ҳаво ҳарорати кесин совиган пайтда амалга оширилаётгани ҳақида бирор изоҳ берилмади.

Президент Мирзиеёв шу йилнинг сентябрь ойида махсус селектор йиғилиши ўтказиб, бу йилги қишнинг қаттиқ келиши кутилаётганини айтган ва шаҳардаги тайёргарлик учун шахсан бош вазир А. Ариповни масъул қилиб тайинлаган эди.

Аммо, 18 ноябрдан ҳаво ҳарорати кескин совиши билан Тошкент шаҳрининг қатор туманларида иситиш тизимидаги қозонхона, иссиқ сув ва газ узатадиган тармоқларда носозликлар келиб чиқмоқда.

23 ноябрь куни шундай носозликлар ортидан пойтахтда 3 та тумандаги аҳоли иссиқликдан узилиб қолди.

Озодликка келаётган мурожаатлар:

Ўзбекистонда совуқ ҳаво сақланиб туради

Ўзгидромет агентлиги мамлакатда 24−25 ноябрь кунлари мамлакатда об-ҳаво совуқ қолиши кутилаётганини маълум қилди.

Хабар қилинишича, Қозоғистон ҳудудларидан яна совуқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда, аммо бу гал ўтган ҳафтдагидек совуқ бўлмайди.

24 ноябрда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида, 25 ноябрда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг баъзи жойларида бироз қор ёғиши мумкин.

Қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди, об-ҳаво булутли бўлади. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

26 ноябрдан эса Ўзбекистонда ҳаво яна қилиши кутилаётгани айтилди.

Озодликка келаётган мурожаатлар:

Наманганда ҳам электр тармоғи узилиб кетди, ҳоким муовини аҳолига кўмир тарқатди

Наманган шаҳрида ҳам бир неча маҳалла - Сардоба, Исфархон, Марғилон, Бобуршоҳ, Навоий кўчаларини электр билан таъминловчи 6 кВ кабел тармоғи узилиб кетди.

Namanganliklar Телеграм каналининг хабар қилишича, электр тармоқлари корхонаси ходимлари линияни тузатишга уринмоқда:

Айни Телеграм каналининг яна хабар қилишича, 23 ноябрь куни эрталаб шаҳар ҳокимининг муовини аҳоли билан учрашиб, уларга арзон кўмир етказишни ваъда қилган:

Сўнгра, ҳоким ваъда қилган арзон кўмир 23 ноябрь оқшомида маҳаллага олиб келиб берилган:

Дарвоқе, наманганликлар билан учрашган ҳокимлик мулозими, аҳолига қиш учун кўпроқ кўмғир ғамлаб олишни тавсия қилди.

Бунга алоҳида эътибор қилган тармоқ фойдаланувчилари: "Бу йил қишда табиий ёки суюлтирилган газга умид йўқ шекилли" дея хавотир изҳор қилмоқдалар.

Тошкентнинг 3 та туманида аҳоли иссиқликдан узилиб қолди

23 ноябрь куни пойтахтдаги Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Олмазор туманлари аҳолиси совуқ кунда иссиқлик тизимидан узилиб қолди.

Жумладан, Мирзо Улуғбек туманидаги қозонхонада авария ҳолати юз бергани ҳақида туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Олмазор ва Чилонзор туманларида эса қувур ёрилиб кетиб, аҳоли иссиқликдан узилди, йўллар ёпилди.

23 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатлашган тошкентликлардан бири: "Йўлларда қор ва яхламадан пробка пайдо бўлган, 4 соат пробкада қолдим", деди.

Ҳаво ҳарорати совиши билан Тошкентда ишдан чиқа бошлаган қозонхона ва қувурлар муаммоси тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда.

"Тошкентдагилар вилоятда яшайдиганларнинг дардини тушунадиган қиш бўляпти... Бу йил Тошкентни бошқача қиш кутаяпти, вилоятлар эса 30 йилдирки шу аҳволда", деб ёзди жумладан Troll.uz саҳифаси.

Прзиденти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди.

Йиғилишда бу йил қиш совуқ келиб, ҳаво ҳарорати олдинги йилларга нисбатан 2−5 даража паст бўлиши кутилаётгани айтилган.

Президент бу йилги қишлов учун алоҳида тайёргарлик кўри, Тошкент шаҳрининг 12 та тумани, Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоят бўйича алоҳида-алоҳида қарор қабул қилиш вазифасини топширганди.

Президент топшириғи билан Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент шаҳри туманларига, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов эса вилоятлардаги жараёнга масъул этиб бириктирилган.

Ҳал қиш келмасидан вилоятлар қолиб, ҳатто Тошкентда юзага келган энергетик коллапс - Ўзбекистоннинг қишловга тайёр эмаслигини кўрсатмоқда.

Ваъда қилинган суюлтирилган газ қани?

Наманганда 45 минг одам яшайдиган Шарханд қишлоғи аҳолиси 10 кундан буён суюлтирилган газни кутаётгани ҳақида Озодликка шикоят келди.

Газ баллонни кутаётганлар, 23 ноябрь, Наманган
Газ баллонни кутаётганлар, 23 ноябрь, Наманган

Шикоятга Тўрақўрғон туманидаги бу қишлоқ аҳолиси номидан йўллангани айтилган видеомурожаат илова қилинган.

Видеода қор совуғида газ баллонлари билан кўчада навбат турган ўнлаб одам номидан гапираётган кексалар, 10 кундан буён туман расмийлари ваъда қилган газни кутаётганини айтишади:

Наманганда 45 минг одам яшайдиган қишлоқ аҳли 10 кундан буён газ кутаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:42 0:00

davletovuz: хусусий сектор имкониятларидан фойдаланиш вақти келгандир!

Телеграм тармоғида танилган davletovuz канали муаллифи Қобил Ҳидиров энергетик инқироз билан боғлиқ яна бир таҳлилий блогни чоп этди.

Унда энергетика тизими раҳбарларининг "кун совиши билан истеъмол ҳажми бирдан ошиб кетди" қабилидаги баёнотлари кескин танқид қилинган.

"Қанчалик оғриқли бўлмасин, тан олишимиз керакки, амалдорларимиз ва халқимиз параллел дунёда яшай бошлади. Халқнинг ўз ҳақиқати бор, чиновникнинг ҳам. Назаримизда, давлат ўзи учун аниқлаб олиши керак. Модомики барча давлат ва ижтимоий хизматларини ўзи кўрсатмоқчи бўлса, кучи ва салоҳияти етадими? (Бизнинг-ча —йўқ).

Балки хусусий секторнинг имкониятларидан фойдаланишнинг вақти келгандир. Давлат ўзининг асосий функциясини қаердадир чегаралаши, қаердадир бошқа “ўйинчи”ларга бериш керакдир", деб таклиф қилади блогер.

Ўзбекистон туман ҳокимлиги электр узилишига изоҳ берди

Фарғоналик блогернинг 200 минг аҳоли электрсиз ўтиргани ҳақидаги постидан кейин Ўзбекистон тумани ҳокимлиги бу ҳодисага изоҳ берди.

Расмий баёнотга кўра, табиий газ босимининг пастлиги ва электр энергияси истеъмоли ортиб кетгани сабабли 110/35/10кВли Яйпан нимстанциясидаги 16000 кВА қувватга эга бўлган трансформатор пункти 22 ноябрь куни эрталаб соат 8.10 да фавқулодда аварияли ўчиб қолган.

Натижада "Жангир", "Қушқўноқ", "Бузуқўрғон", "Тагоб", "Ислом", "Охта", "Бегобод", "Оталиқ" ва "Ўрмонобод" хаво тармоқларида узилиш бўлган.

Туман электр таъминоти корхонаси вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сураган.

Вазиятни кузатаётган блогернинг яна хабар қилишича, бу трасформатор 1965 йилда қурилган - 55 йилдан буён ишлаб турган қурилмадир.

Озодликка келаётган мурожаатлар:

Фарғонада 200 мингдан зиёд аҳоли электрсиз ўтирибди

Фарғоналик блогер Исроилжон Тиллабоевнинг ёзишича, Ўзбекистон туманида 22 ноябрь куни эрталаб соат 8 да ўчган электр бир суткадан буён ёнмаган.

"Кеча кечқурун 200 дан зиёд аҳоли туман Электр тармоқларига келиб жанжал кўтарган, туман ҳокимига олиб борган. Трансформатори куйиб кетганмиш.

Ҳокимият ходимлари мактаб, боғчаларни қиш мавсумига тайёргарлигини текширавермасдан Электр тармоқлари, Газ идораларини ҳам мавсумга тайёргарлигини текширса бўлмайдими? Халқни кундан-кунга сабрини максимал даражасини синаб бирон кор-ҳол бошлашини кутмоқдами бу раҳбарлар?

Ўзи кунда ҳар куни тузукли ёнмаган аҳолига энди тиккалай токни суткалаб бермасликни одат қилишга ўтдиларингми?

Бутун туманни зимистонга қўйиш учун қанчалар масъулиятсиз раҳбар бўлиши мумкинлигини тасаввур қилолмаяпман.

Баҳона, "истеъмолчилар ошиб кетгани туфайли..." деб бошланувчи баҳоналарингдан дод!

Инсоф тилаймиз, чунки бошқа нарса қўлимиздан келмайди", деб ёзди фарғоналик ўқитувчи ва блогер ўзининг Телеграм каналида.

Ҳудудгазтаъминот: аҳолига газ етказиш ҳажми ошди, гази узилганлар 4 фоиз

Ҳудудгазтаъминот ташкилоти 20 ноябрь ҳолатига келиб, мамлакатда бир суткалик табиий газ истеъмоли ҳажми 70 миллион метр кубга ошди, деб баёнот берди.

Корхона матбуот хизмати 21 ноябрь куни тарқатган баёнотда айтилишича, айрим ҳудудларда таъминотда узилиш бўлган, аммо газдан узилиб қолган абонентлари сони 4 фоиздан ошмайди.

Корхонанинг бу баёноти истеъмолчилар томонидан жиддий норозилик билан қарши олинмоқда. Озодликка келаётган шикоятларда газ ва свет таъминоти бу йил ўта абгор аҳволга тушиб қолганидан арз қилинмоқда.

21 ноябрь куни Ҳудудгазтаъминот корхонаси матбуот хизмати тарқатган баёнотга кўра, сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати кескин пастлаб кетгани боис, мамлакатда табиий газнинг бир суткалик истеъмол ҳажми 70 миллион метр кубга оширилган.

Баёнотда муқаддам бу кўрсаткич, 46 миллион метр кубни ташкил қилгани айтилган.

Натижада, газ узатиш ва тақсимлаш тизимида босим ортиб кетгани таъминотдаги вақтинчалик узилишларга сабаб экани айтилмоқда. Бундан ташқари, 185 ҳолатда тадбиркорлар газ тармоғига ноқонуний уланиб олгани ҳам аниқланган.

Шунингдек, шу кунда аҳолига тарқатилаётган суюлтирилган газ ҳажми 1400 тоннадан 1920 тоннага оширилгани айтилган. Яъни, қўшимча равишда 26 мингта маиший газ баллони тўлдирилган.

Расмий баёнотда, магистрал трубаларда газ босими тушиб кетгани учун, алоҳида ҳудудлар, маҳалла ва районларда газдан узилиш ҳолатлари қайд этилган ва бундай абонентлар сони 4 фоиздан кўпмас, деб келтирилган.

Ҳудудгазтаъминотга кўра, табиий газ истеъмолчилари сони 3 миллион 700 минг, суюлтирилган газ истеъмолчилари сони эса 3 миллион 600 мингни ташкил қилади.

Корхона баёнотига фикр билдираётган истеъмолчилар эса бу расмий рақамларни, асл ҳолатни умуман акс эттирмаслигини айтиб, кескин рад этмоқда.

Жумладан, Gazeta.uz нашри мақоласига изоҳ қолдирган ўқувчиларнинг аксари, чекка ҳудуд, маҳалла ва районларда эмас, Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ, Ўрикзор, Дархон, Оқтепа каби массивларида ҳам аҳолига берилаётган газга аранг чой қайнатиш мумкинлигидан шикоят қилмоқда.

Аҳоли шикоятлари ҳажми фавқулодда ошди

Шу кунларда Озодликка ҳам газ ва электр тақчиллиги ҳақида аҳолидан кунига ўнлаб шикоят келмоқда.

Қуйида улардан энг сўнггилари:

Қазиб олинаётган газ ҳажми камайган

Жорий йилнинг январь ойидан октябригача Ўзбекистонда газ қазиб олиш 9,6 миллиард куб метрга камайган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилганди.

Қўмита ҳисоботида таъкидланишича, 2020 йилнинг ўн ойида 40,4 миллиард куб метр газ қазиб олинган. 2019 йилнинг шу даврида эса 50,1 миллиард куб метр газ қазиб олинганди.

Охирги 4 йилда Ўзбекистон энергетика инфратузилмасини янгилаш мақсадларига юз миллионлаб доллар хорижий ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилган.

Шунингдек, муқобил энергия манбаларини яратиш лойиҳаларига жалб қилинаётган сармоялар миқдори ҳам сезиларли даражада ошган.

Мирзиёев электр-газ муаммосини ҳал қиламан, деганди

Шавкат Мирзиёев биринчи муддатга сайланган 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди.

Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётган жорий йилда ҳукумат бу борада қўшимча чоралар кўриб-кўрмагани номаълум.

Ўтган ой «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда электр энергияси нархи оширилмаслигини маълум қилган.

Пандемия боис Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспорти учдан бир қисмга камайган, аммо бу ички истеъмолчилар учун газ ҳажми ўз-ўзидан кўпайганини англатмайди.

XS
SM
MD
LG