Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тегажоқликка учраганлар учун махсус телеграм-ботни ишга туширди

Иллюстратив сурат.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзига қарашли таълим муассасаларида тегажоғлик, тазйиқ ёки зўравонликка учраган қизлар ва аёллар учун махсус телеграм-ботни ишга туширди.

“…Ножўя хатти- ҳаракатлар таҳдиди остида бўлсангиз ёки гувоҳи бўлган бўлсангиз, ҳеч иккиланмай 1006 ишонч телефонига ёки @himoya_otv_bot га мурожаат қилинг”,-дейилади расмий билдирувда.

Вазирлик ишонч телефони ёки телеграм-ботга мурожаат қилганларнинг шахси ва шахсий маълумотлари сир сақланиши кафолатланишини ҳам таъкидлади.

18 октябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 3-курс талабасига тегажоғлик қилгани тўғрисидаги маълумот ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлиб кетган эди.

Қизга тегажоқлик қилган ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари эшик тақиллаб қолганидан кейин қизни деразадан итариб юборган. Ҳодиса ортидан касалхонага етказилган талаба қизга врачлар тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйишган.

Ички ишлар вазирлиги ҳодисанинг эртасига декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 118- ва 105- моддалари (номусга тегиш ҳамда қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва у 23 октябрда қўлга олингани ҳақида маълум қилди.