Оролбўйида маҳаллий бюджетлар ва ҳайрия пуллар ҳисобидан ўрмонзорлар барпо этилади

Орол денгизининг бугунги аҳволи.

Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудидаги 375 минг гектар ерда ўрмонзор барпо этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг “Республика ҳудудларида ўрмонзорлар, шунингдек, Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудларида “Яшил қопламалар” барпо этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга асосан жами 560 минг гектар майдон “яшил қопламалар” учун ажратилган. Бу майдоннинг 375 минг гектарида ўрмонзорлар барпо этилади.

Қорақалпоғистондаги ўрмон фонди ерлари ва Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Оролбўйи ҳудудларида 172 минг гектар ҳамда бошқа ҳудудлардаги ўрмон фондининг тоғ, водий ва тўқай ерларида 13 минг гектар майдонга дарахтлар экилади.

Ўрмонзорлар барпо этиш учун зарур бўлган қўшимча ер майдонлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида давлат ўрмон фондига берилади.

Ўрмонзорларни вилоятлар бюджетлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳайриялари, Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси (БМТ) маблағлари ҳисобига барпо этиш режалаштирилмоқда.