Пермь университетидаги отишмада жабрланганлар сони 43 кишига етди

Пермь университети талабалари 20 сентябрдаги ҳужумдан сўнг.

Пермь университетидаги отишмада жабрланганлар сони, сўнгги маълумотларга қараганда,43 кишига етди. Бу ҳақда Пермь ўлкаси соғлиқни сақлаш вазири Анастасия Крутень маълум қилди. Аввал отишмада 28 киши жароҳатлангани ва 6 киши ҳалок бўлгани билдирилган эди.

Расмийнинг айтишича, Пермда жароҳатланганлардан 12 нафари, жумладан, ҳужумчи Тимур Бекмансуров даволанмоқда. Бекмансуров ўта оғир ҳолатда реанимация бўлимида сақланмоқда. Крутеннинг айтишича, унинг бир оёғининг товони ампутация қилинган. Оғир ярадор бўлган 7 киши эса Москвадаги касалхоналарга жойлаштирилган.

20 сентябрь куни эрталаб Пермь университети талабаси бўлган 18 ёшли Темур Бекмансуров ҳарбий кийим ва автомат билан олийгоҳ биноларидан бирига бостириб кирган ва ўқ ота бошлаган эди.

Маҳаллий нашрлар Бекмансуров қўлга олиш жараёнида яралангани ва олган жароҳати туфайли ўлганини ёзганди. Кейинроқ расмийлар ҳужумчи талаба яраланганини тасдиқлаб, унинг вафот этгани тўғрисидаги маълумотни инкор қилган.