Президент учун овоз бериш жараёни якунланди

Шавкат Мирзиёев оиласи билан сайлов участкасига келган пайтда олинган сурат.

Ўзбекистонда президент сайловида овоз бериш жараёни 20:00 да якунланди.Марказий сайлов комиссияси ҳозирча дастлабки натижаларни эълон қилгани йўқ. Дастлабки расмий маълумотлар 25 октябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Айни пайтда вақт тафовути туфайли хориж давлатлари, жумладан, Европа ва АҚШда ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш давом этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси соат 17:00 ҳолатига кўра, сайловчилардан 14 миллион 258 минг 780 нафари ёки 71.8 фоизи овоз берганини маълум қилган.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Бахром Қўчқоров овоз бериш жараёни бошланганидан уч соат ўтгач, яъни соат 11:00 да Ўзбекистон президентлигига сайлов бўлиб ўтгани тўғрисида баёнот берди.

Унга кўра, соат 11:00 гача рўйхатга олинган 19 миллион 859 минг 127 сайловчидан 6 миллион 669 минг 552 нафари ёки 33, 6 фоизи овоз берган.

Сайлов кодексининг 96 -моддасига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса сайлов ўтган ҳисобланади.