Расман: Қибрайдаги портлаш газ қувури сифатсиз монтаж қилингани оқибатида юз берди

Газ портлаган уйлардан бири.

Тошкент вилояти Қибрай туманида икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган портлаш газ қувурининг монтаж ишлари ўта сифатсиз амалга оширилганлиги оқибатида юз берди. Бош прокуратуранинг хабар беришича, мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

“Тошкент вилояти прокуратураси ўтказган терговга қадар текширишда газ чақнаши юз берган уй ёнида ўрнатилган юқори босимли газ тақсимлаш мосламаси (ГТМ)га уланган ва еростидан ўтказилган полиэтилен газ қувурининг монтаж ишлари ўта сифатсиз амалга оширилганлиги аниқланган”,-дейилади расмий хабарда.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, бунинг оқибатида уйга яқин оралиқдаги ер остидаги полиэтилен газ қувурининг уланиш қисмида ёриқ юзага келиб, ундан табиий газ сизиб чиқиб, хонадон ертўласида тўпланган ва ўз навбатида газ чақнаши содир бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 23 ноябрь куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Озодлик радиоси 22 ноябрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Гулистон-3 кўчаси, 15-уйда соат 19:16 ларда газ портлагани оқибатида икки киши-ота ва ўғил ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.