Россия Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни тиклаш бўйича талаб қўйди

Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳозирда фақат чартер авиақатновлари мавжуд.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар шу ойдан тикланиши мумкин.

Россия ҳукумати махсус комиссияси талаблари асосида, Ўзбекистон барча зарур маълумотни тақдим этган ва Россия томонининг жавобини кутмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати махсус комиссияси Россия томони қўяётган талабларни бажариши лозимлигини билдирди.

- Россия ҳукумати талаб қилаётган стандартлар - 100 минг кишига, 1 миллион одамга бўлган касалланиш даражаси, унинг динамикаси назорати. Талаб қилинаётган стандартлар бўйича бизнинг давлатимиз Россиянинг махсус комиссияси томонидан қўйилган бу мезонларга мос келяпти. Шу боис бизда мунтазам авиақатновларни тиклашга барча асослар мавжуд ва биз ҳозирча россиялик ҳамкорларимиздан жавоб кутяпмиз. Ўйлашимча, шу йилнинг март-апрель ойларида қандайдир ижобий натижа олишимиз мумкин,- дея Ўзбекистон Транспорт вазирининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Кун.уз нашри.

Жасурбек Чориев Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ санитария-эпидемиологик вазият тўғрисида талаб этилган барча маълумотларни Россия ҳукумати томонидан тузилган махсус комиссияга тақдим этилганини ҳам қўшимча қилди.

Мавзуга алоқадор Меҳнат муҳожирлари пандемия даврида Россияга кириб олиш учун ҳеч нарсадан қайтишмаяпти

Айни дамда Россия ва Ўзбекистон ўртасида фақат чартер рейслар орқали парвозлар амалга оширилмоқда.

Охирги бир неча ойда Россияга расмий тарзда фақат шартнома асосида ёлланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига киришга рухсат берилмоқда. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги жорий йилнинг январ-феврал ойларида 4 мингга яқин ишчигина чет эл мамлакатларига расман ишлашга жўнаб кетганини эълон қилди.

Уларнинг аксар қисми Россия Федерацияси, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликларидаги иш берувчилари ва масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда иш жойларига жалб этилгани айтилди.

“Натижада жорий йилнинг январь-февраль ойларида Россия Федерациясига 3209 нафар, Қозоғистон Республикасига 488 нафар, Бирлашган Араб Амирликларига 3 нафар, Корея Республикасида ишлаш вақтида меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган фуқаролардан 101 нафари вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юборилди.Юртдошларимиз белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда турли объектларда иш бошлайди”, дейилади Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги расмий хабарида.

1 март куни 250 нафар ўзбек ватандоши ишлаш учун Россияга жўнаб кетганди. Суҳбат орқали турли вилоятлардан ёлланган меҳнат муҳожирлари Россия Федерациясининг “ПИК Индустрия” қурилиш ширкатида ишлаш учун 52 нафари, “ПСП” масъулияти чекланган жамиятида ишлашга 198 нафари Тошкент халқаро аэропорти орқали юборилган. Ўтган ҳафта давомида Россиянинг турли минтақаларидаги қурилиш майдончаларига жалб қилинган 760 нафар ўзбекистонлик Россия чегарасидан ичкарига киритилганди.

Фақатгина Россия Ҳукуматининг коронавирусга қарши штаби томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган шахслар ушбу мамлакатга киритилмоқда.

Россиядаги “Садаф” рекрутинг компанияси раҳбари Сайёра Рябицеванинг Озодликка айтишича, бугунги кунда ўзбекистонликлар бошқа йўллар билан ҳам Россияга кириб келишни ўзлаштириб олишган.

- Ҳозир келаётганларнинг 100 тасидан 70-таси “даволанишга” деган маълумотномалар билан кириб келяпти. Бунинг учун улар Россиядаги турли тиббий муассасалар билан келишган ҳолда махсус маълумотнома расмийлаштиряпти. Ким кўзини, ким бошини, бошқа касалликларни даволатишга деб киряпти. Яна бир кириб келаётганларнинг бошқа гуруҳи Беларусь орқали “ўқишга” деб, яна бир қисми ноқонуний йўллар билан киряпти. Қизиғи, “ўқишга” деб келганларга ҳам ишга рухсатнома берилаяпти Россияда. Киришнинг бошқа қонуний йўли ҳозирча йўқ, - деди Сайёра.

Суҳбатдош келаётганларда чегарада маъмурий қонунбузарликлар аниқланса киритилмаётгани, улар анча миқдорда пулга тушаётганини билдирди.

Ўзбекистон Ҳаво Йўллари расмий сайтида март ойига кўрсатилган нархларга биноан, Москва-Тошкент йўналишининг “эконом” тарифи бўйича авиачиптани 30 мингдан, Тошкент-Москва йўналиши бўйича эса 25 мингдан ортиқ рублга олиш мумкинлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар пандемия оқибатида 2020 йилнинг март-апрель ойларидан бошлаб вақтинча чеклаган эди.

Москва-Бишкек йўналишидаги авиарейслар ҳафтасига биттадан учтага етказилган эди. Беларусь билан темир йўли очилиб, Москва-Минск йўналишидаги мунтазам авиақатновлар ҳафтасига уч мартадан беш мартага ошди.

2021 йил 15 февралдан Россия ўзаро асосда Озарбайжон ва Арманистон билан халқаро парвозларни тиклади. Шунингдек, 27 январдан Финляндия, Вьетнам, Ҳиндистон ва Қатар билан авиақатновлар қайта йўлга қўйилди.