Россия ўрмонидан топилган "Маугли" ва унинг отаси Ўзбекистонга қайтарилди

Ота-бола 3 декабрь куни Тошкентга учиб келди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фотосурати.

Москва вилоятида қийин аҳволга тушиб қолиб, ўрмонда яшаётган Ўзбекистон фуқароси ва унинг етти ёшли фарзанди Ўзбекистонга олиб келинди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълум қилишича, 3 декабрь куни Москва-Тошкент рейси билан учиб келган Шуҳрат Жалилов ва унинг ўғли Амал Жалилов Тошкент халқаро аэропортида агентлик вакиллари томонидан кутиб олиниб, доимий яшаш жойига кузатиб қўйилди.

Шуҳрат Жалилов ва унинг ўғли Амал Жалилов ҳақида аввалроқ маҳаллий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқатилган эди.

Ташқи миграция агентлигининг билдиришича, 1974 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Жалилов узоқ йиллардан буён Россияда ишлаб келган. Унинг Украина фуқароси бўлган аёлдан 2013 йилда фарзанди туғилган. 2020 йил август ойида боланинг онаси вафот этган.

Шуҳрат Жалилов ва унинг ўғли Амал Жалилов Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, Халқаро миграция ташкилоти ҳамкорлигида ватанига қайтарилган.

“Халқ сўзи” нашри 19 ноябрь куни Москва вилоятидаги Балашиха ўрмонидан топилган Маугли лақабли Амал Жалиловга туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилгани ҳақида хабар берган эди.