Суд Beeline Uzbekistan'га абонентларга 20 миллиард сўмни қайтариш мажбуриятини юклади

Beeline Uzbekistan логотипи.

Beeline Uzbekistan мобил алоқа ширкати “Хабардор бўл” хизматига абонентларни ноқонуний улагани судда тасдиқланди. Эндиликда ширкат абонентларга ноқонуний олинган пулларни қайтара бошлади. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 7 декабрь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, агентлик Тошкентда ўтказилган иккита суд инстанциясида Beeline Uzbekistan устидан ғолиб бўлган ва суд ширкат истъемолчилардан ноқонуний равишда олинган пулларни қайтариш тўғрисида қарор чиқарган.

“Агентлик томонидан қўзғатилган иш бўйича 9 ой давом этган мунозара истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди. Бугунги кунга келиб, Beeline Uzbekistan абонентларига етказилган зарар 20 миллиарддан ортиқ миқдорда баҳоланмоқда. Қувонарлиси, компания томонидан ушбу маблағлар абонентлар ҳисобига қайтарилиши бошланди”, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 2020 йилнинг март ойида Beeline Uzbekistan компаниясига нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари талаблари бузилиши белгилари бўйича иш қўзғатган эди.

Агентликнинг маълум қилишича, 2019 йилнинг июль ойида Beeline Uzbekistan “Хабардор бўл” хизматига уланиши бўйича 3,2 миллион абонент ўртасида промо-акция ўтказган. Аммо акция муддати якунланганидан сўнг ушбу хизмат автоматик равишда ўчирилмаган. Аксинча, ўрнатилган нарх бўйича кунлик 240 сўм миқдорида абонетларга хизмат ҳақи ҳисобланган.

Абонентлардан 1,2 миллионга яқини мазкур хизматни мустақил равишда ўчирган. 2020 йилнинг май ойи ҳолатига ушбу хизмат деярли 1,3 миллион абонентда ёқилган ҳолатда бўлган.

Агентликнинг махсус комиссияси 2020 йил 3 июлда Beeline Uzbekistan “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси ҳамда Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидаларининг 25 ва 26-бандлари бузганини аниқлаб, судга мурожаат қилган эди.