Судлар ички ишлар ходимлари билан тил бириктириб, катта миқдордаги пулни ўғирлашди

Судьялар 5 мингта сохта қарор чиқарган. Фотосурат "Газета уз"дан олинди.

Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судининг бир неча судьяси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан келишган ҳолда 8 миллиард сўмни ноқонуний ўзлаштиришган. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши очилди.

“Газета уз” нашрининг ёзишича, бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш бўйича агентлик директорининг ўринбосари Умида Тўхташева маълум қилди.

Тил бириктирган судья ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари йўл қоидалари бузилиши юзасидан тузилган маъмурий баёномаларни суд канцеляриясида рўйхатдан ўткизмаган, маъмурий ишларни тарафлар иштирокида кўриб чиқмаган ва баённомаларни йўқ қилиб ташлаган.

Умида Тўхташеванинг айтишича, бунинг оқибатида судлар томонидан 5 мингта сохта қарор чиқарилган ва мазкур қарорлар асосида 8 миллиард сўм ўғирланган.

Бу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167 –(ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209 – (мансаб сохтакорлиги) моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди.