Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда биологик қурол ишлаб чиқарилаётганини рад этди

Иллюстратив сурат.

Ташқи ишлар вазирлиги 22 июнь куни айрим оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистондаги мавжуд лабораторияларнинг гўёки биологик қурол ишлаб чиқаришга мўлжалланганлиги тўғрисида тарқалаётган маълумотлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслиги” тўғрисида баёнот берди.

“Шуни таъкидлаш керакки, ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган”,-дейилади баёнотда.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Бактериологик ва токсик қурол-яроғларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция иштирокчиси сифатида биологик қурол-яроқларни ишлаб чиқариш ва тўплашнинг тақиқланишини таъминлайди.

“Ўзбекистонга нисбатан билдирилган ҳар қандай асоссиз баёнотлар икки томонлама муносабатларда муайян кескинликни келтириб чиқаради ва, энг муҳими, ўзаро ишончга асосланган давлатлараро мулоқотга зарар етказади, деб ҳисоблаймиз”,-дейилади баёнотда.

Бундан аввалроқ Россия томонидан назорат қилинадиган “Sputnik Ўзбекистон” нашрига берган интервьюсида Россия Давлат думаси депутати Геннадий Онишенко Ўзбекистонда “Пентагон назорати остидаги илмий лабораториялар” мавжудлиги ва уларда биологик қурол ишлаб чиқарилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.