Тенгдошларини пичоқлаган ўқувчига нисбатан безорилик моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат.

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси 22 сентябрь куни уч нафар тенгдошини пичоқлаган мактаб ўқувчисига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани тўғрисида хабар берди.

Бошқарманинг билдиришича, 22 сентябрь куни соат 13:20 да М., исмли йигит шаҳардаги 2-сонли мактаб олдида 3 нафар таниши билан кўришган, шундан сўнг гаплашиб олиш мақсадида кафе ёнига борган.

У ерда ўзаро келишмовчилик сабабли йигитлар ўртасида жанжал юзага келган. Жанжал вақтида М., ёнидаги йиғма пичоқ билан уч нафар тенгдошига тан жароҳати етказган.
Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бу борада ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан сўнггина жамоатчиликка маълумот берди.