Тошкентда бир неча ойдан бери илк маротаба коронавирусга чалинганлар сони юз кишидан оз бўлди

Ўзбекистонда 24 октябрь куни 360 нафарга яқин кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, 9 та ҳудудда 265 нафар фуқаро касалликдан тўлиқ соғайди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Расман билдирилишича, бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 183 928 кишига етган. 24 октябрь куни яна 2 бемор вафот этган ҳамда касалликдан ўлганлар сони расман камида 1306 нафарга етди.

Бир неча ойдан бери биринчи марта Тошкент шаҳрида бир кун ичида коронавирусга чалинганлар сони юз кишидан озроқ бўлди.

24 октябрь ҳолатига кўра, коронавирус юқиши ҳолатлари бўйича биринчи учликни Тошкент вилояти (107 киши), Тошкент шаҳри (96 киши) ва Самарқанд вилояти (35 киши) эгаллади.

Касалликдан соғайганлар жами 179 487 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда.