Тошкентда ВГИКнинг филиали ташкил этилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрида “С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти” (ВГИК) филиали ташкил этилди. Адлия вазирлигининг 30 августда билдиришича, бу борадаги президент қарори 28 август куни имзоланган.

Филиал 2021/2022 ўқув йилидан абитуриентларни қабул қилади ва ўз фаолиятини бошлайди. Филиалда, шунингдек, ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихи ўқитилади.

ВГИК филиалида драматургия ва продюсерлик соҳалари ўқитилади. Таълим кундузги, сиртқи шаклда ҳамда масофавий тарзда йўлга қўйилади.

Филиалда давлат гранти асосида таълим олган битирувчилар 5 йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан кинокомпаниялар, телерадиокомпаниялар ёки кино ва телевидение соҳасидаги ташкилотларга тақсимланади.