Тошкентда шаҳарлараро автобус қатнови қайта тикланади

“Тошкент” автовокзалидан шаҳарлараро автобус қатнови 24 ноябрдан қайта тикланади. Бу ҳақда автовокзал матбуот хизмати ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Маълум қилинишича, сешанба куни “Тошкент” автовокзалидан 17 шаҳарга автобуслар йўл олади. Чипталар нархи 24 минг сўмдан 120 минг сўмгача белгиланган.

Пойтахт Тошкент билан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ўртасида автобус қатнови ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 19 ноябрдан тўхтатиб қўйилганди. Аввалроқ “Ўзгидромет” бир неча кун оралиғида айрим жойларда музламалар кузатилиши, ҳатто кўчки тушиши мумкинлигидан огоҳлантирган.