Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган Magic City кўнгилочар дам олиш масканида содир этилган оммавий муштлашувда иштирок этганлардан 4 нафари ҳибсга олинди. Муштлашувда иштирок этган бошқа шахсларни ушлаш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 8 ноябрь куни хабар берди.
Маълум қилинишича, 6 ноябрь куни тахминан соат 22:30 ларда Magic City кўнгилочар дам олиш масканида 2000 йилда туғилган У. Д., 2002 йилда туғилган А. Х., 2003 йилда туғилган И. У., 2004 йилда туғилган М. T., лар газ тўлдирилган шарларни билан ноқонуний савдо қилаётгани аниқланган.
Шундан сўнг маскан қўриқчилик хизмати ходимлари уларни бинодан чиқаришга ҳаракат қилган. Шу аснода сотувчилар ва қўриқчилар ўртасида муштлашув содир бўлган.
Magic City`да оммавий муштлашув акс этган видео ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди.
“Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди (Безорилик бир гуруҳ шахслар томонидан) билан жиноят иши қўзғатилди”,-дейилади хабарда.
Бундан аввалроқ Ички ишлар бошқармаси 31 октябрь куни тахминан соат 22.00 ларда Юнусобод туманидаги Боғишамол кўчасида ҳам оммавий муштлашув бўлганини билдирган.
Аввалроқ Озодлик сентябрь ойи охирида Тошкентдаги икки мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлгани ҳақида хабар қилган эди.