Тўртта вилоятда қўғирчоқ ва мусиқали драма театрлари ташкил этилади

Санъат ва маданият институтида “Қўғирчоқ ясаш технологияси” таълим йўналиши очилади.

Наманган, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари ташкил этилади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада айрим давлат театрлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўрсатма берилди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, Наманган ва Сирдарё вилоятларида қўғирчоқ театрлари, Навоий ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолияти ташкил этилади.

Қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ижодий фаолиятини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида “дўстлар клублари” фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, қарорга асосан, 2021/2022 ўқув йилидан санъат ва маданият институтида “Қўғирчоқ ясаш технологияси” таълим йўналиши очилади. Қўғирчоқ театри режиссёрлиги, актёрлиги ва драматургия йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қўғирчоқ театри рассоми” ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш чоралари кўрилади.