ФВВ ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ортидан “куни кеча” кучли шамол бўлганини тасдиқлади

2018 ва 2019 йилларда ҳам Ўзбекистон ҳудудларида қум бўронлари юз берган эди.

Ўзбекистоннинг Жиззах ва Навоий вилоятида “куни кеча 18-23 м/с тезликда кучли шамол эс”ганини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда бу тўғрисидаги хабарлар тарқала бошлагани ортидан тасдиқлади.

Расман билдирилишича, кучли шамол оқибатида Жиззах шаҳри Олмазор маҳалласида жойлашган 1-кўп қаватли уйнинг 300 кв. метр майдондаги томёпмаси қулаб тушди. Ҳодисада, шу уй олдида бўлган “Лаcетти” ва “Cобалт” русумли автомобилларга техник зарар етган.

Бундан ташқари Навоий вилояти Учқудуқ тумани Йўлчилар ОФЙ, Дўстлик МФЙ, Айтим МФЙ ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйларда ҳам шундай ҳолатлар кузатилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, мазкур ҳодисаларда одамлар жабрланмаган. Шамол оқибатларини бартараф этиш мақсадида2 та махсус техника ва 16 нафар қутқарувчи жалб этилган.

Ижтимоий тармоқларда 2 июнь куни Наманганда, 1 июнь куни Қарши-Самарқанд йўлида, 31 май куни Бухорода ва 29 май куни Тошкент шаҳрида кучли шамол ва қум бўронлари бўлгани ҳақидаги видеолар тарқалди.

Тармоқларда билдирилишича, 2 июнь куни соат 14:30 да Наманган шаҳрида “булутости шамоллари ҳавонинг ўта қуруқлиги боис кучсиз чанг бўронларини келтириб чиқарган”.