Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан августда учрашиши айтилди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти август ойининг бошида бўлиб ўтади. Бироқ ҳозирча учрашувнинг аниқ куни маълум эмас. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов 26 июль куни бўлган брифингда маълум қилди.

Асадов тадбиркорлардан таклиф ва мурожаатлар 31 июлгача қабул қилинишини таъкидлади ва маҳаллий журналистларни бу жараённи фаолроқ ёритишга чақирди.

Савдо-саноат палатаси 20 июлда яқин кунларда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказишни режалаштиргани ҳақида маълумот берган эди.

Палата тадбиркорлар 20 июлдан 31 июлгача ўз бизнесини кенгайтириш ва ривожлантиришга туртки берадиган ғоя ва таклифлар билан тўғридан-тўғри Ўзбекистон президентига мурожаат қилиши мумкинлигини ҳам иддао қилган.

Бироқ тадбиркорлардан ўз таклиф ва мурожаатларини “тўғридан-тўғри президентга эмас”, балки ҳар бир тумандаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ёки Штаб “Call-маркази”га жўнатиш сўралган.