Шовотдаги чойхонада бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб ўлди

Ўзбекистонда қиш мавсумида ҳар йили юзлаб одамнинг ис газидан заҳарланиши катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Шовот маҳалласида жойлашган “Ортиқ ота” чойхонасида бир оиланинг беш аъзоси 20 февраль куни соат 17:40 ларда ис газидан заҳарланди.

Бош прокуратуранинг 22 февралда хабар беришича, заҳарланганлар чойхона эгаси, унинг хотини ҳамда уч нафар фарзанди бўлган. Улар чойхонанинг ошхонасида жойлашган газ ўчоғидан газ сизиб чиқиши натижасида ис газидан заҳарланганлар.

Заҳарланиш оқибатида чойхона эгаси К.О., турмуш ўртоғи И.С., ва фарзанди Х.О., ҳодиса жойида вафот этган. Икки фарзанди З.О., ва О.О.,лар кучли заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда”, -дейилади расмий билдирувда.

12 январь куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Қозоқовул қишлоғида бир оиланинг беш нафар аъзоси ис газидан заҳарлангани ва оиланинг уч фарзанди заҳарланиш оқибатида вафот этгани хабар қилинганди.

Ўзбекистонда қиш мавсумида ҳар йили юзлаб одамнинг ис газидан заҳарланиши катта муаммо бўлиб қолаётгани ҳақида Озодлик аввал бир неча бор хабар берган.

Мазкур муаммо 2020 йил 16 декабрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган.

Йиғилишда 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олгани таъкидланган.