Ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирган Сирдарё туман ҳокими ўринбосари ишдан кетди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Мирзаев 2021 йил 14 июнь куни ўз аризасига биноан ишдан бўшади.

Бу ҳақда “Sirdaryo Xabarlari” нашри Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Бундан ташқари Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муротов ҳам 14 июнь куни ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг ресторанда ярим-яланғоч раққосаларга пул қистираётгани акс этган видеолавҳа тарқалган эди.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бу видеога муносабат билдирар экан, воқеа ўтган йилнинг октябрь ойида “Евро Азия” ресторанида рўй берганини маълум қилган.

Ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирганлар орасида ҳоким ўринбосари ва ободонлаштириш бошқармаси бошлиғидан ташқари яна туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.

Ҳокимлик муносабатида расмийларга тегишли жазо чоралари кўрилгани билдирилган, аммо айнан қандай чоралар кўрилгани аниқ айтилмаган эди.