Ўзбек киноклассикаси -“Сен етим эмассан” ва “Генерал Раҳимов” Ўзбекистонга қайтарилди

"Сен етим эмассан", "Маҳаллада дув-дув гап", "Тошкент -нон шаҳри" каби фильмлар режиссери Шуҳрат Аббосов 2018 йилнинг 25 апрелида Тошкентда вафот этган эди.

Собиқ СССР пайтида “Ўзбекфильм” томонидан суратга олинган “Сен етим эмассан”, “Жарроҳ”, “Генерал Раҳимов”, “1941 йил олмалари”, “Унутилмаган қўшиқ” каби “дурдона кинофильм”лар 9 майдан бошлаб “илк бора тўлиқ ва асл ҳолатда телевидение орқали намойиш этилиши режалаштирилмоқда”. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлигига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Билдирилишича, “Сен етим эмассан”, “Жарроҳ”, “Генерал Раҳимов”, “1941 йил олмалари”, “Унутилмаган қўшиқ” каби ўзбек киносининг ўз вақтида машҳур бўлган 16та кинофильми Маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда чет эл кино фондларидан рақамлаштирилиб, Ўзбекистонга қайтарилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон телеканаллларида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Матонат” ҳужжатли фильми, режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида 4 нафар ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Унутилмас қаҳрамонлар” туркумидаги 8 та ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилади.

Мазкур туркум доирасидан биринчи ўзбек снайпер аёли Зебо Ғаниева, иккинчи жаҳон уруши жангоҳларини суратга олган илк ўзбек оператори Қудрат Суюнов, қаҳрамон Мамадали Топволдиев тўғрисидаги ҳужжатли фильмлар бор.