Ўзбекистон АҚШ иддаосини текшириш учун “Қарши-Хонобод” ҳарбий базасида тадқиқот ўтказади

"Қарши-Хонобод" базасида 2001 йилдан 2005 йилгача АҚШ ҳарбийлари хизмат қилган.

Ўзбекистонда АҚШ ҳарбийлари хизмат қилган “Қарши-Хонобод” ҳарбий ҳаво базасида токсик моддалар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги юзасидан тадқиқот ўтказилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов маълум қилди.

“Қўмита айни пайтда ўз лабораторияларида базада токсик моддалар ва радиация бор ёки йўқлигини текширмоқда”,-деган расмий.

Унга кўра, Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистонда 17та кимёвий полигон бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бу полигонлар музлатиб қўйилган ва ёпилган.

Аввалроқ Мудофаа вазирлиги “Қарши-Хонабод” ҳарбий ҳаво базасида радиация ва токсик моддалар йўқлиги ҳақида АОКАда ўтган брифингда билдирган эди.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Жо Байден инаугурациясидан бир кун олдин, яъни 2021 йил 19 январда Ўзбекистонда хизмат ўтаган америкалик ҳарбийлар учун қўшимча имтиёзлар жорий этилишини таклиф қилувчи фармонни имзолаган эди.

Фармонда қайд этилишича, мазкур ҳужжат эълон қилинган кундан бошлаб 365 кун ичида АҚШ мудофаа вазилиги Ўзбекистондаги “Қарши-Хонобод” ҳаво базасида 2001 йил 1 октябридан 2005 йил 31 декабригача бўлган Қуролли кучлар ҳарбийларига токсик таъсир кўрсатилганига оид текширув ўтказиши лозим.

АҚШ ҳарбийлари мазкур базага Афғонистонда террорга қарши кураш доирасида жойлаштирилган ва 2005 йил майдаги Андижон воқеалари ортидан Вашингтон Ислом Каримов режимини танқид қилгани учун расмий Тошкент АҚШдан ҳарбийларини олиб чиқиб кетишни талаб қилган эди.

Ўтган йил июлида конгрессменлар Стивен Линч ва Марк Грин Пентагоннинг махфий ҳужжатларини эълон қилишганди.

Мазкур ҳужжатларга кўра, АҚШ ҳарбийлари 2001 йилдан 2005 йилгача Қарши шаҳри яқинидаги Хонобод аэродромида хизмат ўтаган пайтда заҳарли моддалар таъсири остида қолган бўлишлари мумкин.