Ўзбекистон майгача Россияга парвозларни қайта тикламоқчи

Uzbekistan Airways самолёти.

Ўзбекистон март-апрель ойлари оралиғида Россияга мунтазам авиапарвозларни қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Тошкентда ўтган траснпорт дипломатиясига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

«Ҳозир Россия томонининг жавобини кутмоқдамиз. Ўйлайманки, март-апрель ойларида ижобий натижа бўлади», - деб иқтибос келтиради вазир ўринбосари сўзларидан «Газета уз».

Жасурбек Чориев Ўзбекистон коронавирусга қарши кураш бўйича Россия махсус комиссиясига мамлакатда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият юзасидан барча керакли маълумотларни тақдим этган.

«Биз барча стандартлар бўйича Россия томонидан ўрнатилган талабларга жавоб берамиз»,-деди Чориев.

Ўзбекистон барча турдаги транспорт учун 2020 йилнинг 1 октябридан ўз чегараларини очган эди. Uzbekistan Airways эса ўтган йилнинг сентябрида Беларусь, Туркия, БАА, Қозоғистон ва Қирғизистонга, 20 январдан Тожикистонга, мартдан бошлаб Германия ва Ҳиндистонга авиапарвозларни тиклаган.