Ўзбекистонликлар бу йил ҳам Ҳажга бора олмайди

Дин ишлари бўйича қўмитанинг 14 июнда билдиришича, Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус пандемияси оқибатида жаҳонда кузатилаётган мураккаб эпидемиологик вазият ортидан жорий йилги Ҳаж зиёратига ҳам хориж фуқаролари киритилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилган.

“Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ислом мамлакатларидаги кўплаб фатво ҳайъатлари ва бошқа илмий марказлар томонидан маъқулланган”,-дейилади расмий билдирувда.

Шу муносабат билан Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ўзбекистонликларнинг навбатлари кейинги мавсум учун сақланиб қолинади.

13 июнь куни Озодлик Саудия Арабистони жорий йилда коронавирусга қарши эмланган 60 минг фуқаросига Ҳаж амалини бажаришга рухсат бериши ва Саудия фуқароси бўлмаган шахслар Ҳажга киритилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида хабар берганди.