Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси илк бор 35 миллиард доллардан ошди

Олтин захирасининг кўпайишига олтин нархининг кўтарила бошлагани асосий сабаб бўлди.

Ўзбекистоннинг расмий олтин-валюта захираси 1 июнь ҳолатига кўра 35,5 миллиард долларни ташкил қилди. Бу май ойидаги ҳолатга нисбатан 1 миллиард 400 миллион долларга кўпдир.

Марказий банкнинг билдиришича, олтин захирасининг кўпайишига олтин нархининг кўтарила бошлагани асосий сабаб бўлди. Май ойида бир унция олтин нархи 1900 долларга чиқди. Апрель ойида эса бир унция олтин нархи 1750 доллар бўлган эди.

Айни пайтда валюта захираси 500 миллион долларга озайди.

2021 йилнинг 1 январидаги маълумотларда, олтин-валюта захираси 34 миллиард 904 миллион доллар эди. 1 апрелда эса олтин нархининг тушиб кетгани ортидан захира 32 миллиард 600 миллион долларни ташкил қилганди.