Ўзгидромет мутасаддилари маош камлиги туфайли малакали ходимлар ишдан бўшаб кетаётганидан шикоят қилди

Ўзгидрометда иш ҳақининг пастлиги соҳага малакали мутахассислар, айниқса, олий таълим муассасалари битирувчиларини жалб қилишга салбий таъсир қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ўз сайти орқали билдирган.

Хизмат мутасаддилари маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзгидромет ходимларининг ўртача иш ҳақи 1,3 млн сўм, ҳудудий бошқармаларда 1,2 млн сўм, туман ва шаҳарлардаги кузатув бўлинмаларда 800 минг сўмни ташкил этади. Бу эса республикадаги ўртача кўрсаткичдан деярли икки баравар кам.

Қайд этилишича, бундай шароитда Ўзгидрометда 5-10 йил ва ундан кўп меҳнат тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар худди шундай лавозимларда иш ҳақи 2-4 марта юқори бўлган бошқа соҳаларга кетиб қолмоқда.

“Охирги 3 йил ичида Ернинг сунъий йўлдошларидан олинган маълумотларга ишлов бериш, телекоммуникация ва ахборот технологиялари, об-ҳаво прогнозларини тайёрлаш соҳасидаги кўплаб мутахассислар Ўзгидрометдан кетди, уларнинг аксари етакчи миллий ва хорижий олий таълим муассасалари битирувчиларидир”, дейилган хабарномада иш ҳақининг пастлиги Ўзгидромет ходимларида улар ишининг нуфузи йўқлиги ва кераксизлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилгани урғуланади.

“Мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва хавфсизлиги учун гидрометеорология тармоғи стратегик жиҳатдан муҳимлиги шубҳасиз” эканини таъкидлаган ўзбек метеорологлари хизмат меъёрда ишлаши ва ривожланиши учун унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тезкор чоралар ҳамда тармоқни узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси бўйича қарор қабул қилиш зарурлигига эътибор қаратишади.