Қашқадарёда эшак гўшти сотган шахс аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди

Х.Ж., суд жараёнида эшак гўштини итлар учун сотгани тўғрисида кўрсатма берган.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг 21 сентябрда билдиришича, Қарши шаҳар суди эшак гўшти сотиш билан шуғулланган фуқарога 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари унинг иш ҳақисидан ҳар ойда 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинади.

Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот органлари 5 апрель куни Қарши шаҳар “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Янгибоғ кўчасида яшовчи фуқаро Х.Ш.,нинг ҳовлисида фуқаро Х.Ж., эшакларни сўяётганини аниқлаган ва уларни қўлга олган.

“Текширув давомида хонадондан бўғизланган эшаклар ва ажратилган терилар, уйнинг хоналаридан бирида эшак гўшти деб гумонланган сўйилган лаҳм гўшт маҳсулотлари, 20 дона тирик эшак ички ишлар органлари ходимлари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган”, -дейилади билдирувда.

Х.Ж., суд жараёнида эшак гўштини итлар учун сотгани тўғрисида кўрсатма берган. Бироқ айблов томони судланувчи эшак гўштини одамлар истеъмоли учун ҳам сотганини исботлаган.

Ўзбекистонда 26 май куни Қашқадарё вилоятининг Косон туманида эшак сўйган 4 нафар эркак ушлангани, аввалроқ эса қатор ҳудудларда истеъмолга яроқсиз гўштни сотиш учун олиб кетаётган айрим “тадбиркорлар” аниқлангани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар берган эди.