Қашқадарёда ҳайдовчининг телефонини олиб қўйган йўл-патруль хизмати инспектори ишдан бўшатилди

Ўзбекистон ички ишлар ходимлари. Мазкур суратда акс этган шахсларнинг қуйидаги хабарга алоқаси йўқ. Бу иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ҳайдовчининг мобил телефонини олиб қўйган йўл-патруль хизмати (ЙПҲ) инспектори сержант Ж.Қосимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, ўтказилган хизмат текшируви доирасида инспектор Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомни ҳамда ИИВнинг меъёрий буйруқ талабларини бузгани аниқланди.

“Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ махсус отряди 3-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори сержант Ж.Қосимов ўз билдиргисига кўра “эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, келгусида ЙҲХ билан боғлиқ бўлмаган лавозимга тайинланиши” чораси қўлланди”,-дейилади расмий билдирувда.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда “Қашқадарё гаиларидан навбатдаги” сарлавҳаси остида видео тарқалган эди. Мазкур видео юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани маълум қилинган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода инспектор Ж.Қосимов Қарши шаҳар Б.Шерқулов кўчасида Nexia-3 автомобили ҳайдовчисини спиртли ичимлик истеъмол қилган ёки қилмаганлигини аниқлаш мақсадида тўхтатгани ва жараённи суратга олган ҳайдовчининг телефонини олиб қўйгани акс этганди.