Қорақалпоғистонда ўғирланган қизни никоҳга мажбурлаганлар устидан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида 24 ёшли қизни ихтиёрига зид равишда ўғирлаб кетган ва никоҳга мажбурлаган 3 нафар шахсга қарши жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, шу йилнинг 13 октябрь оқшомида 30 ёшли Д.Е. ўз танишлари 29 ёшли Р.Ж. ва 30 ёшли П.Б. билан тил бириктирган ҳолда, 24 ёшдаги Г.С. исмли қизни эркига хилоф равишда Қонликўл тумани Маденият МФЙ Сари-олтин кўчасидан куч ишлатиб, “Nexia-2” русумли автомашинага миндириб, ўғирлаб кетган. Улар ўғирланган қизни Қонликўл тумани Бўстон ОФЙда жойлашган уйига олиб боришиб, Д.Е. билан никоҳ қуришга мажбурлашган.

Жабрланувчи Г.С. ҳолат юзасидан туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган.

Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи ходимлари чиқиб кўздан кечириш ва бошқа терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказишган. Д.Е.нинг номида бўлган “Nexia-2” русумли автомашина далилий ашё тариқасида олиниб, тегишли тартибда муҳрланган”, дейилган хабарномада.

Шундан сўнг ҳолат юзасидан Қонликўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 136-моддаси 1-қисми (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов департаменти айни пайтда ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.