Қорақалпоғистондаги бир хонадонда 5 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

2020 йилда ис газидан 106 киши вафот этган.

Қорақалпоғистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Тўрткўл туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида 6 март куни 11:30ларда бир оиланинг 4 аъзоси ва ушбу хонадонга меҳмонга келган бир киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.

“Фуқаро И.У.,(эркак) ва унинг қизлари Р.С.,(2003 й.т.), Р.А.,(2010 й.т.) ва ўғли Р.М.,(2005 й.т.) ҳамда ушбу хонадонга меҳмонга келган А.Ш., хонадонда ўрнатилан иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этган”-дейилади расмий хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Тўрткўл туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Мазкур жиноят ишининг тергови Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.

22 февралда Ўзбекистон Бош прокуратураси 20 февраль куни Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Шовот маҳалласида жойлашган “Ортиқ ота” чойхонасида бир оиланинг беш аъзоси ис газидан заҳарлангани, оиланинг икки аъзоси вофеа жойида ўлгани ҳақида билдирган.

12 январь куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Қозоқовул қишлоғида бир оиланинг беш нафар аъзоси ис газидан заҳарлангани ва оиланинг уч фарзанди заҳарланиш оқибатида вафот этгани хабар қилинганди.

Расмий маълумотларга қараганда, 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган.