Ҳар бир тухумга 50 сўмдан, парранда гўшти килосига минг сўмдан субсидия ажратилади

Иллюстратив сурат.

2021 йил 1 июндан ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўмдан ва парранда гўштининг ҳар бир килоси учун 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бу борадаги “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори 14 июнда қабул қилинди.

Қарорда таъкидланишича, 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

Бундан ташқари паррандачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун 85 миллион доллар миқдоридаги маблағ “Микрокредитбанк” АТБга йўналтирилади.

2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлар (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади