Ўзбекистонлик спортчи Ҳусниддин Норбеков Токио-2020 Паралимпия ўйинлари чемпиони бўлди. У 2 сентябрь кунги мусобақаларда ядро улоқтириш бўйича 16 метр 13 сантиметр натижага эришиб, олтин медални қўлга киритди.
Ҳусниддин Норбеков 2016 йилда Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида ўтган Паралимпия ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритган эди.
2 сентябрь ҳолатига кўра, Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон жамоаси 6 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза, жами 16 та медалга эгалик қилмоқда.
Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон жамоасининг 48 нафар спортчиси 8 спорт тури бўйича иштирок этмоқда.
24 августдан 5 сентябргача ўтадиган Паралимпия ўйинларида жаҳоннинг 162 давлатидан келган 4400 спортчи иштирок этади. Уларнинг орасида қочқинлар терма жамоаси ҳам бор.
Паралимпиадада спортчилар 22 спорт тури бўйича мусобақалашади. Жумладан, илк марта бадминтон ва тхэквондо бўйича мусобақалар ўтказилади.