Линклар

Қодиржон Ботиров: Мен Қирғизистонга албатта қайтаман

  • Сарвар Усмон

Қирғизистонлик ўзбеклар лидерларидан бири Қодиржон Ботиров ҳозирги кунда кўпчилик сафдошлари таъқибда эканини айтади.

Қирғизистонлик ўзбеклар лидерларидан бири Қодиржон Ботиров ҳозирги кунда кўпчилик сафдошлари таъқибда эканини айтади.

Жалолободлик таниқли тадбиркор, Қирғизистон ўзбек миллий-маданий марказининг вице-президенти Қодиржон Ботиров Озодлик билан суҳбатнинг иккинчи қисмида Ўш ва Жалолобод қирғини ҳақидаги фикрларини давом эттириб, бунинг асосий айбдорларини санади.


Шунингдек, у шу йил 10 октябрига белгиланган парламент сайловларида қирғизистонлик ўзбеклар қандай иш тутиши лозимлиги ҳақидаги мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашди.

***


“Мақсад ўзбекларни марказдан сиқиб чиқариш эди”

Озодлик: Исоқов ҳам, Бекназаров ҳам очиқ айтишади, дедингиз. Нимани очиқ айтишадию ўзбекларга қарши тайёрланган қанақа жиноят эди?

Қодиржон Ботиров: Биласиз, 2009 йили Қирғизистонда аҳоли рўйхатга олинди. Уни Бакиев ўтказди. Шундан кейин унинг ўзбекларга нисбатан фикри тубдан ўзгарди. Бизнинг миллатнинг кўпайгани, айниқса, Ўшда, Жалолобод ва районларида кўпайгани яққол кўзга ташланди. Шундан сўнг атрофига ўзига ўхшаганларни тўплади. Ўшга Мелис Мирзақматовни ҳоким қилиб қўйди. Суюн Ўмурзаковни Ички ишлар вазирининг жануб бўйича биринчи муовини қилиб қўйди. Укалари - Аҳмад Бакиев, Жаниш Бакиев деганлари жанубда очиқдан-очиқ криминалларни қўллади. Шу билан бирга бизнинг ўзбекларга нисбатан олиб борган ишларини сиз жуда яхши биласиз. Ўшнинг ўзида бир қатор бизнесменларни, шахсан Алмамбет, кўчанинг криминал структуралари беш-олтита жипларда полний қуролланган келиб туриб, ҳаммасини тўплаб, ҳаммасидан пулларни тортиб ола бошлади. Бу бўлган провокациялар, бу бўлган унижениеларнинг ҳаммаси ўзбекни қўрқитиш ва ўзбекни ўша ердан йўқ қилиш учун амалга оширилган ҳаракатлар эди. Мелисни ҳоким қилиб қўйишнинг асосий сабабларининг биттаси шу бўлди. Ўзбекларга қарши қўйиш бўлди. Ўзбекларни Ўшнинг центридан, Жалолободнинг центридан ва бошқа район центрларидан ҳаммасини безитиш бўлди мақсад. Ҳаттоки ҳўв чеккадаги Олабуқада бир неча марта провокация бўлди, биз қанча айтдик. Ўша ерда ҳалиги Азиз Турсунбеков деган бола шахсан Бакиевнинг ëрдамчиси бўлиб, охранасида юрган бола, охири мана шу болани депутат қилди, замспикер қилди парламентда, лекин у кўчадаги криминалларни қўллаб-қувватлади. Олабуқадаги, Бозорқўрғондаги, Жалолободдаги ҳолатлар, қўйингки, булар криминал структураларни очиқдан-очиқ қўллаб, ўзбекларга зулм ўтказди ва қайси мақсадда қилганининг ҳаммаси яққол кўзга ташланган.

Озодлик: Демак, мақсад ўзбекларни вилоят марказларидан, туман марказларидан сиқиб чиқариш бўлган?

Қодиржон Ботиров: Сиқиб чиқариш бўлган. Ўшда бизнесменларнинг ассоциацияси бор. 27 мартда Қурултой бўлган. Ўша Қурултойга ҳам обрашение беришди. Мелис буларнинг ўша ердаги қанчадан-қанча мулкларини очиқдан- очиқ бузиб, ишлаб турган кафе, ресторан, магазинларнинг ҳаммасини бузиб, ўзининг қаттиққўллигини кўрсатди. Қонунни бузганига қарамасдан, уни Бакиев қўллади. Оқбуранинг бўйидаги кўприк қурилаëтган ердаги бизнесменларнинг кафесини очиқдан-очиқ бузиб, қирғизларга олиб берди. Булар биттагина нарсани кўзлашгани йўқ. Бир тарафдан ўзбекларни шаҳар марказидан сиқиб чиқариш, иккинчи тарафдан катта пул ишлаш ва шу билан бирга, ўзбекларнинг ўрнига қирғизларни олиб келиб жойлаштириш режалаштирилган. Исмоил Исақов телевизорда очиқ-ойдин айтди-ку - “Суюн Ўмурзаковдай, Мелисга ўхшаган патриотларимизга ишонишимиз керак. Бизлар мана шулар билан ишлашимиз керак. Бор экан-ку бизнинг ичимизда мана шундай одамлар”, деди-ку! Булар яққол тушунди. Ўзини ҳурмат қилган, қонун асосида яшаëтган қирғиз халқидан нажот кутиб бўлмаслигини аниқ билди булар. Булар тайëрлаб қўйилган режани ўзларининг қўлларига олишди ва очиқдан-очиқ ўзбекларга нисбатан қилган геноциди, уюштирилган жиноий иши яққол ҳаммамизнинг кўзимизни очди.


“Бакиев кетди, қолганлар ҳалиям отда”

Озодлик: Бекназаровлар билан генерал Исақовлар Бакиевни йиқитишди-а?

Қодиржон Ботиров: Ҳа.

Озодлик: Бас, булар Бакиевни йиқитган бўлса, шундан кейин Бакиев тайëрлаган режани давом эттириши, амалга оширишини қандай тушуниш мумкин? Мен қандайдир мантиқий изчиллик кўрмаяпман.

Қодиржон Ботиров: Мана, ўзингиз тасаввур қилинг. Бакиев нима иш қилганини, қайси йўналишда иш олиб борганини ҳаммамиз биламиз. Шунинг ҳисобидан кетди бу одам ишдан. Ўшга нисбатан, Жалолободга ва Қирғизистоннинг жанубида яшаëтган ўзбекларга нисбатан қилган ишига бир мисол: 22 мартда Бакиев Қирғизистон жанубига Наврўз байрамини ўтказгани келади. Ўша ерда Мелис Мирзақматов, губернаторлар кутиб олиб, бутун Ўшда бўладиган режаларининг ҳаммасини етаклаб юриб кўрсатади. Бугунга келиб Бакиев ишдан кетди, лекин Мирзақматовлар қолди-ку властда, булар ўзгаргани йўқ-ку, Суюн Ўмурзақовларни муваққат ҳукумат ишдан ололгани йўқ. Булар атрофига ўзининг тарафдорларини қуроллаб, яхшилаб тайëргарлик кўриб олганини муваққат ҳукумат кўриб тушунди. Ақли етмадию уларни олгани. Фақат Исмоил Исақов бориб, улар билан тил топишди, уларни мақтаб, ўзларининг ичига олиб, мана шу ишни биргаликда амалга оширишга ҳаракат қилишди. Бу яққол кўзга ташланиб турибди ўз-ўзидан.


Нега дастлабки ҳужум Ўшга бўлди?

Озодлик: Шахсан мен тушунмаган яна битта ҳолат. Мана шу кунда энг катта золим Қодиржон Ботиров бўлаяпти. Қодиржон Ботиров жалолободлик. Агар у асосий золим бўлса, нима учун биринчи ва асосий ҳужум Ўшга бўлди? Нима учун Жалолободга эмас? Шуни тушунмайман.

Қодиржон Ботиров: Бу тенг бошланди. Мен юқорида айтиб ўтдим. Биринчидан, Бакиев бекорга Мирзақматовни қўйганмас у ерга. Мирзақматов ўз атрофига спортсменларни тўплаб олган. Лекин ўша спортсменлар айни пайтда криминаллар ҳам ва ҳаммаси қуролланган.

Иккинчиси, Қурсан Асанов. У ҳам атрофига одамларни тўплаган. Ундан ташқари, Суюн Ўмурзақов, у ëқда Алмамбет, ҳалиги Жингоси бор, Қубаси бор аравонлик... Уларнинг ҳаммаси Жалолободдаги аҳволдан Ўшдаги аҳвол тубдан фарқ қилишини яққол билишади. Чунки аҳоли кўп-да. Ўшда ўзбек кўп. Булар: “Агар ўзбеклар мана шундай тўпланиб тураверадиган бўлса, эртага биз буларнинг талабларини қондиришимиз керак. Талабларини қондирмаслик учун, янги конституцияга булар талабларини ëзмаслиги учун биз Ўшдан бошлашимиз керак. Агар биз Ўшдан бошламасак, биз кеч қоламиз” деб, очиқдан-очиқ Ўшга ҳужум масаласининг бир тарафдан кўриниши бу.


Ким айбдор?

Озодлик: Суҳбатимиз бошида “асосий айбдорлар” дедингиз. Қирғиз сиëсатчилари Қодиржон Ботиров етакчилигидаги бир гуруҳ ўзбек йигитларини “асосий айбдор” дейди. Сизнинг назарингизда асосий айбдорлар кимлар?

Қодиржон Ботиров: Бугунги асосий айбдорлар, биринчиси бу Азимбек Бекназаров, Исмоил Исақов, Ўмурбек Текебаев, Мелис Мирзақматов, Қурсан Асанов ва бир қатор криминалний структуралар. Бугунги кунда ҳокимиятда ишлаëтганлар. Яна Аҳмад Келдибеков дегани бор, Қамчи Ташиев дегани бор, буларнинг миллатчилигини биз парламентда ҳам кўрганмиз, булар ўзбекларнинг овозларини олиб, парламентга борган, биринчилардан бўлиб Акаевни сотиб, Бакиевнинг пинжига киришиб, ана шуларнинг ноғорасига ўйнаб, “Ўзбеклар Ўзбекистонга кетсин” деб қийқирганлар шулар бўлади. Мана шунга ўхшаган одамлар бугун яна очиқдан-очиқ Қирғизистон жанубида ўзининг ҳамфикрларини тўплашди. Мен ўйлайманки, бугунги кунда мана шу одамлар шахсан бизларга нисбатан қилинган жиноий ишларнинг бошида турганлар.

Озодлик: Қодиржон ака, мана қатор фамилияларни айтдингиз. Агар суҳбатимиз бир неча соатга чўзиладиган бўлса, ҳар битта фамилияга қўйилган айбловларни исботлайдиган далилларингиз борми? Бор ëки йўқлигини айтсангиз бўлди.

Қодиржон Ботиров: Бор албатта.


“Бизга Ўтунбаева кафолат берганди”

Озодлик:
Энди кейинги масала. Президент Роза Ўтунбаева билан муносабатларингиз яхши бўлганини айтдингиз. Роза Ўтунбаева муваққат ҳукумат раисаси бўлиб турган пайтда Сизни ҳукуматга ишга таклиф қилганини айтдингиз. Нима учун шундай яхши муносабатлар кейин давом этмади-уланиб кетмади? Сизни ҳамкорлик қилиш мумкин деган даражада биладиган бўлса, сизни ҳукуматга чақирган бўлса, нима учун у киши президент сифатида сизнинг ҳимоянгизга ўзининг сўзини айтмади?

Қодиржон Ботиров: Айтмагани сабабини эҳтимол ўзи айтса керак. Лекин менинг тушунчам бўйича сабаби, ҳақиқатан ҳам сиз тўғри айтаяпсиз, биз революция бошланмай туриб буларни қўллашни бошлаганмиз. 6 мартда биз Жалолободда вилоят қурултойини ўтказиб, 27 мартда “Эл биримдиги” деган қурултой ташкил этган Бакиевга яна ўзимизнинг норозилигимизни айтиб, “яна дежурний делегатлар қўйилаяпти, ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди” деб, биз ўзимизнинг фикримизни баëнот қилганмиз. Биз бир неча делегат бормай қўйганмиз у қурултойга. Революция бўлгандан кейин ҳар бир собитиеда буларни қўллаганимизни улар яққол амалда кўрди. Энди қаранг, булар мени “республикадан чиқиб турсин” деб сўранишди. Мен чиқиб турдим. Лекин ўшандан кейин икки марта бизнинг делегация борди-да бу одамнинг олдига.

Озодлик:
Президентнинг олдигами?

Қодиржон Ботиров: Ҳа. Бу вакиллар кичкина эмас. Беш-олтитадан одамлар бориб, кириб, учрашиб: “Мана Ботировнинг қанақа ëрдам берганлигини ўзингиз айтаяпсиз. Ўша ерда бизнинг қанча фарзандларимиз ўлди. Қанчаси ярадор бўлди. Сизларни деб бўлди, ватанни деб бўлди, элни деб бўлди. Нимага энди бунақа бўлди” деб ўшаларнинг олдида сўраниб, очиқ фикрини айтганда, “Мен аëл киши бўлсам ҳам, лафзимда эркак кишидан яхшироқ тураман. Қодиржонга етказинглар, унга ҳеч нарса бўлмайди. Бизга ëрдам берганини биз ҳам биламиз. Буни прокуратура ҳам контрол қилиб турибди. Бу вақтинчалик. Озгина чидаб турсин” деди Роза Исақовна. Иккинчи сафарида ҳам шундай бўлди. Жалолиддин Салоҳиддиновга савол берсангиз, ўзи жавоб беради. Кабинетда бўлган гап очиқ-ойдин. Яна менинг масалаларим қўйилганда, “Чидаб турсин. Мана шу кунларда ҳал қиламиз. У одам бизнинг қаторимизга қўшилиб, биргаликда ҳали кўп ишлар қиламиз” деган Ўтунбаева.

Озодлик: Демак, Роза Ўтунбаеванинг сизга бўлган муносабати яхшилигича қолди, лекин у кишининг ўз атрофидаги аъëнларига кучи етмаяптими?

Қодиржон Ботиров: Шундай деб ўйлайман.


“Қайси партия кўп миллатли бўладиган бўлса, ўшанга овоз бериш керак”

Озодлик: Қодиржон ака, мана, сайлов кампанияси кетаяпти. Сиз "Родина" партиясининг лидерларидан бирисиз. Тўғрироғи, лидери эдингиз. Энди ҳозир у партия йўқ бўлса керак. Баъзи бир ўшликлар билан суҳбатларда эшитдимки, Ўш воқеалари парламент сайлови олдидан ўзбекларники деб танилган "Родина" партиясини обрўсизлантириш, унинг лидерларини обрўсизлантириш, токи ўзбеклар овози ëппасига битта партияга ўтиб кетмасин, деб қилинган. Бу фикрга қандай қарайсиз?

Қодиржон Ботиров: Энди халқимиз жуда одил баҳо бераяпти. Бу жуда тўғри. 14 майни мен нимага сизга мисол қилиб кўрсатдим? 14 майда, айниқса, 19 майда Жалолободда бўлган ишларимизда вертолëтда юриб, Ўшни, Жалолободни, бошқа жойларда яшаëтган ўзбекларнинг ҳаммасини кузатиша бошлади. Бизнинг элимиз шу даражада уюшдики, бу уюшганликни кўз олдига келтиришди-да. Агар шу кўз олдига келтирган ўзбеклар шу аҳволда сайловга борадиган бўлса, республика парламентига ўзбеклар кўп келиб қолишини аниқ сезишди. Шунинг учун ҳам булар ўзининг олдига мақсад қилиб қўйдики, Ўш, Жалолобод, Олабуқа, Қорасув, Сузоқ, Бозорқўрғонда бўлаëтган ишларнинг ҳар биттасини улар ҳисобга олиб туриб, ўзбеклар ичидаги бутун лидерларнинг бир чеккадан устидан иш қўзғаб, ҳаммасини қамаб, ҳаммасини йиғиштириб, ўзбекларни лидерсиз қолдириш режасини тузишди. Ана шу нарсага бугун эришди, десак ҳам бўлаверади.

Озодлик: Мана, парламент сайловига бир неча кун қолди. Сайловолди жараëнини кузатаëтган бўлсангиз керак?

Қодиржон Ботиров: Албатта.

Озодлик: Сиз қайси партияга овоз берган бўлардингиз? Ëки...

Қодиржон Ботиров: Менда сайловга қатнашиш имкони йўқ, албатта. Мен 29 та партиянинг ҳаммасининг рўйхатини олдим. Кўриб чиқдим. Бахтга қарши ҳамма партия рўйхатидагиларнинг 90 фоизи қирғиз миллатига мансуб. Битта-иккита ўзбек, битта-иккита рус ва бошқа миллатларни қўшиб қўйишган. Ҳали сайловнинг қандай ўтиши ҳам номаълум. Сайловдан кейин парламент қандай бўлишини мен ҳозир тасаввур ҳам қила олмайман. Қарасам, миллатлар вакиллари Содружество партиясида кўп экан - 40дан зиëд. Ҳаммасини кўриб чиқдим. Атрофимда юрган одамларнинг ҳеч қайсиси ҳали ҳеч қаерга кетгани йўқ. Ҳаммаси яшашаяпти, ишлашаяпти. Албатта мен уларни, қайси партия кўп миллатли бўладиган бўлса, ўшанга овоз берасан, деб чақираман.


Эртага нима бўлади?

Озодлик: Қодиржон ака, мен Ўшда, Жалолободда, Ўзганда бўлганимда, одамлар мендан бир ўзбек журналисти сифатида: “Эртага нима бўлади кунимиз? Қандай яшаймиз?” деган ҳар хил шаклда, аммо мазмуни бир хил саволлар сўрашди. Мен бир журналист одамман. Менда жавоб йўқ. Сизнинг жавобингиз борми?

Қодиржон Ботиров: Бизнинг бугунги кундаги энг асосий муаммоли масаламиз ҳам шу. “Бугун бизнинг муваққат ҳукумат, конституция гаранти сифатида президент бугун Қирғизистонда яшаётган ўзбеклар ва бошқа миллатларнинг тинч яшашининг кафолатини бера оладими ëки йўқми?” деган масала турган бўлса, шахсан мен кафолат бера олмаслигини айтишим мумкин. Сабаби ҳозир сайловда кимлар қатнашаëтгани ва улар нима мақсадда қатнашаëтгани кўриниб турибди. Айниқса, масалан, “Ата журт” деган партиялар бор. Бу партияларнинг национально-фашистский қарашлари ҳеч кимга сир эмас. Буларни қўллаëтган бир қатор криминалний структуралардир. Уларнинг қўлида жуда кўп оружиелар қолиб кетган. Ўш ва Жалолободда бўлган трагедияда шахсан Исмоил Исақовнинг ўзи бош бўлиб туриб, как-будто народний ополчение тузган бўлиб, одамларга оружие тарқатиб, уларга қанақа қилиб отишигача ўргатган одам, шу билан биргаликда, қанча ҳарбий базаларга, погран заставаларга кирганда бирортасининг ҳам қаршилик кўрсатмасдан оружие тарқатган, Бекназаров, унинг ўғли Мойлисой, Новкендаги милициялардан ҳамма оружиеларни олиб, ҳали бирортаси топширган эмас. Эртага сайлов қайси тарзда тугайди? Қанақа ҳолатда қоламиз? Шу ишларда охири яна бизнинг ўзбеклар айбдор бўлиб чиқадими? Улар ҳалигача буларнинг олдини олгани йўқ. Улар бунинг олдини олишдан кўра бегуноҳ ўзбекни олиб бориб, милицияга қамаб, розискка бериб, элнинг бошини шу билан айлантиришдан бошқа иш қилмаяпти. Генпрокурор бўладими, милиция бўладими, СНБ бўладими - фақат топиб олгани ўзбеклар бўлиб қолди бугунги кунда.

Озодлик: Демак, “Эртага Қирғизистонда ўзбекларнинг аҳволи нима кечади?” деган саволга сизнинг ҳам жавобингиз йўқ.

Қодиржон Ботиров: Жавобим йўқ. Мен ўзимнинг обрашениемда элни фақат яхшиликка, тинчликка чақираман. Чунки биз доим шундай одамларни қўллаб-қувватлайверадиган бўлсак, булар эртага бизнинг овозимизга эга бўлиб олгандан кейин яна бизнинг бошимизга бир нима олиб келиши яққол кўриниб турибди. Шунинг учун бизнинг халқимиз кимга овоз беришни ўйлаб кўриши керак. Овозини охиригача етказадиган, ишончини оқлайдиган депутатлар бўлишини мен хоҳлаб кетардим.


“Яқинларимга босим ўтказишаяпти”

Озодлик: Қодиржон ака, фожеа юз берганидан бери деярли индамай келаяпсиз. Икки ҳафта олдин бир газетага интервю берганингиздан кейин мана энди Озодлик саволларига жавоб бераяпсиз. Индамай келаëтганингизнинг сабаби нимада? Баъзилар: “Ботировнинг қариндошлари ҳукумат қўлида гаровда, шунинг учун индамаяпти”, дейишаяпти. Шу гапда жон борми?

Қодиржон Ботиров: Нафақат жон бор, бу ишни улар ҳануз бетўхтов амалга оширишиб келишаяпти. “Ботиров келади” деб қандайдир операция тайëрлаган бўлишиб, менинг уйимдан бутун нарсаларни олиб кетишган. Ўз вақтида Исмоил Исақов бир келиб “Бир текшириб қўймасак бўлмайди, бир текшириб кетайлик” деб бутун следственний органлардан келиб текширишиб, уйдаги бор нарсаларни кўришган. Энди булар: “Мана бу ишлар бўлиб кетгандан кейин шунча нарса Ботировнинг уйида қолиб кетадими?” деб ëлғон спецоперация қилишиб, уйдаги ҳамма нарсаларни майдалаб, керакли нарсаларни юклаб олиб кетишган. Байбўлов комендант бўлиб туриб шу нарсаларга йўл қўйиб берди. Шу билан биргаликда, жиянимни олиб бориб уриб, ўлаëтган ерида “Бўлди, олиб чиқиб ташлаб юборинглар, бу ерда ўлиши керак эмас” деб,. чиқариб ташлашган, зўрға одам қилдик. Ҳозир мана уларнинг қўлида иккинчи жияним турибди. Уриб, мана ҳозир у ҳам чала ўлик ҳолатда. Ҳар куни бизнинг қариндошларга келиб, атрофни ўраб олиб автоматчиклар, шантаж қилишиб, пул вимогат қилишиб, угрожат қилишиб, кўчадаги маҳалла, қўни-қўшнилар ҳам уже булардан жуда қаттиқ хавф остида бўлиб қолди. Бу нарсалар бўлаëтгани аниқ. Бўлиб ҳам бизга нисбатан. Домламизни, мачит имоми Муҳаммаджон ака Аҳмедовни, Бозорқўрғон миллий-маданий маркази раҳбарини қамашди. Сузоқ миллий-маданий маркази раиси Усмонали акани қамаб ташлашди. Бу 70 га кирган, 80 га кираëтган одамлар. Уларнинг ëшига ҳам қарашмаяпти, қаттиқ қийнашаяпти. Улуғбек аканинг (“Дийдор” газетаси муҳаррири Улуғбек Абдусаломов назарда тутилмоқда – таҳр.) аҳволини бутун дунë билади ҳозир. Давлениеси бор, хронический касаллиги. Мана ҳозир болницада хотини оғзига сув томчилатиб ўтирибди. Ярим ўлик ҳолатда олиб чиқиб беришган. Ўзбекларга нисбатан фашистлик қилишаяпти-да булар очиқ-ойдин. Буларнинг бирор қонунга амал қилиб иш қилаëтган ери йўқ.

“Мен албатта ватанга қайтаман”

Озодлик: Қирғизистонга сафар қилганимда, Жалолободда ҳам бўлдим. Сиз қурган университетни ҳам бориб кўрдим. Ўша ерда университетнинг собиқ студентлари билан гаплашдим. Бир собиқ талаба сизнинг қайтишингиз тўғрисида айтди. “Албатта қайтиб келади Жалолободга” деб комил ишонч билан айтди. Қачон қайтасиз Жалолободга?

Қодиржон Ботиров: Мен авваламбор Қирғизистонда тинчлик бўлишини хоҳлайман. Мен яна бир обрашение қилиб интернетга киргиздим. Уни албатта кўрган бўлсанглар керак. Менинг қайтишим аниқ, чунки бу менинг ватаним. Қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, биз албатта қайтамиз. Чунки биз ватанни шумқадамларга, преступникларга ташлаб қўйиш ниятимиз йўқ. Мен ўйлайманки, қирғиз халқининг ичида ҳам, ўзбек халқининг ичида ҳам ва бошқа миллатларнинг ичида ҳам тоза, чиройли, ҳалол, пок, қонун бўйича яшайдиган одамларимиз жуда кўп. Биз уларга таянган ҳолда олдимизда турган бир қатор ишларимизни амалга оширамиз. Студент жуда тўғри айтибди. Албатта, мен қайтаман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG