Линклар

Суд Баҳром Хуррамовни ҳибсда қолдирди


Ўзбекистонлик Баҳром Хуррамовнинг иши Россия жамоатчилигида катта шов-шув келтиирб чиқарди.

Ўзбекистонлик Баҳром Хуррамовнинг иши Россия жамоатчилигида катта шов-шув келтиирб чиқарди.

Москва шаҳар суди янги йил арафасида 12 ёшли болага жароҳат етказган Ўзбекистон фуқароси Баҳром Хуррамовни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор қилди. Уни ҳимоя қилаётган фаоллар мактаб ўқувчисининг жағи синиши билан боғлиқ воқеанинг янги тафсилотлари аниқланганини гапирмоқда.


“Хуррамов ҳибсда қолади!”

Чоршанба куни Москва шаҳар суди Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 112-моддаси (қасддан ўрта оғирликдаги тан жароҳати етказиш) асосида айбланаётган 35 ёшли ўзбекистонлик Баҳром Хуррамовнинг гаров эвазига очиққа чиқарилмаслигини тўғрисида қарор чиқарди.

Видеотрансляция орқали суд маҳкамасида қатнашган Хуррамов таржимон ёрдамида ўзини ҳибсдан озод этишни сўради. Судда Баҳром Москвага ўтган йилнинг январида келгани, пойтахтнинг Жанубий Бутово туманида фаррошлик қилиб, ахлат йиғиладиган хоналардан бирида хотини билан яшаб келгани ва меҳнат дафтарчасисиз ишлаб юргани, ҳамда ўзига қўйилаётган жиноятни содир этмаганини айтди.



Ўз ўрнида, прокурор муҳожирнинг Россияда доимий яшаш жойи йўқлиги ва хориж фуқароси эканини инобатга олиб, Хуррамовга нисбатан жазо чорасини ўзгартирмаслик талаби билан мурожаат қилди.

Москва шаҳар суди ҳаками Владимир Усов аввалроқ Зюзино туман суди томонидан чиқарилган меҳнат муҳожирини ҳибсда сақлаш тўғрисидаги қарори қонуний экани ва ҳимоячиларнинг кассация аризаси қондирилмаганини маълум қилди.

- Унга нисбатан жазо чораси ўзгармасдан қолди, яъни 2013 йилнинг 6 февралигача у ҳибсда қолади. Кейинги тақдирини Зюзино туман суд ҳал қилади, деди судя.

Шаҳар суди ўзбек миллий диаспораси томонидан юборилган даъво аризаси ва гаров эвазига қўйиб юбориш илтимосини ҳам инобатга олмади. Шунингдек, у ишлган маҳалла фуқароларининг Баҳром Хуррамовни ҳимоя қилиб ёзган коллектив хати ҳам суд қарорини ўзгартира олмади.

Жанжалга оид янги тафсилотлар

Судда Баҳром Хуррамовга юридик кўмак кўрсатган ва уни гаров эвазига озод қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган “Ўзбекистон” номли бутунроссия ўзбеклар ташкилоти ижрочи директори Тимур Мухамедов, Озодлик билан суҳбатда, Хуррамовнинг бу жиноятга алоқадорлигини тасдиқловчи асос-даллилар йўқ, дейди.

- Биринчидан, Хуррамов айбланаётган жиноят жамоатчиликка катта хавф туғдиргани йўқ. Иккинчидан, биз умуман бу жиноят Хуррамов томонидан содир этилганига катта шубҳа билан қараяпмиз, чунки ҳозирга қадар жиноят қилинган қуролнинг ўзи йўқ, ва бизнингча, синдирилган супургининг сопи билан боланинг бирданига икки томонидан жоғини уриб синдиришнинг иложи йўқ. Биз адвокат ва маҳаллий фуқаролар билан суҳбатлашиб, қуйидагиларни аниқладик:

Болалар уни калака қилишганида, Баҳром ҳақиқатан унга супурги синиғини отган. Боллар ўзидан катта 16-18 ёшдагиларни ёрдамга чақириб келган. Улар вазиятни аниқлаштирган ва кейин қўл ташашиб тарқаган. Шундан кейин жабрланган Артём ҳам кетган ва бир соатлардан кейин жоғи сингани тўғрисида полицияга ариза билан онаси мурожаат қилган, дея воқеа тафсилотларини гапириб берди Озодликка ўзбеклар диаспораси раҳбари Тимур Мухамедов.



Унинг айтшича, Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ҳам Хуррамовни ҳимоя қилишга жалб қилинган.

Хуррамовни ўз кафиллигига олиш мурожаатномаси билан судга ариза юборган “Москва ўзбеклари ҳамдўстлиги” ташкилоти раҳбари асли тошкентлик Виктор Тепляков, “лопата кўтарган фаррош” ишининг жамоатчилик орасида катта шов-шув келтириб чиқаришига Россияда миграция ва мигрантлар билан боғлиқ муаммоларни сабаб бўлганини айтади.

- Бу вазият камида учта муаммони юзага чиқарди. Биринчидан, ноиложликдан бу ерда ҳар қандай ишга тайёр бўлиб, Марказий Осиёдан ишлагани келаётган одамлар мутлақо ижтимоий мухофазаланмаган, ноинсоний шароитларга кўникиб ишлашга мажбур. Энди тасаввур қилинг, Баҳромни қай даражага етказиш керак эдики, болага таёқни отиши учун?! Иккинчиси, бу Россия ёшларининг тарбияси масаласи. Бу масалада менимча, ота-оналарнинг ҳам тарбияси масаласи кўтарилиб қоляпти. Вазиятнинг энг хавфли томони – бу ҳодисани ўзига байроқ қилиб олган миллатчи гуруҳларнинг чиқишларидир,- деди Виктор Тепляков.

Судда Хуррамовни рамзий минг рублга эвазига ҳимоя қилаётган адвокат Санал Дорджиев чоршанба кунги суд маҳкамасидан чиқиб, 4 феврал куни жабрланган тараф билан келишув имзоланишини маълум қилди.

- Жабрланган томон Зюзино туман судига томонлар ярашиши муносабати билан Хуррамовга нисбатан очилган жиноий ишни тўхтатиш даъво аризаси юборилди. 4 феврал куни бу даъво асосида суднинг ижобий қарори чиқишига ишонамиз,- деди адвокат Санал Дорджиев.

Кейинги суд маҳкамаси Зюзино туман судида 4 феврал куни бўлиб ўтади.

Нима бўлган эди...

Озодлик 7 январ куни Москванинг Жануби-Ғарбий округидаги Изюминская кўчасида жойлашган 2008-сонли ўрта мактабда 12 яшар болага оғир тан жароҳати етказган ўзбек муҳожири ҳибсга олинганини хабар қилган эди.

Терговчилар 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Баҳром Хуррамов “қор ўйнаётган болалардан биринг жағини белкурак билан уриб синдирганини” айтган эди.

Ҳибсга олиниши ортидан воқеа юз берган маҳалла ён-атрофида фаррошлик қилиб кун кечирган Хуррамовни билган москваликлар уни ҳимоя қилиб, полицияга коллектив хат билан мурожаат қилдилар. Хатда 23 киши москваликларнинг жароҳатланган болани жуда яхши танишлари, маҳаллий болалар меҳнат муҳожирини доимо мазах қилиб, ҳақоратлаб келганига гувоҳлик берган.

Ҳодиса ортидан Ўзбекистон элчихонасида Хуррамов ҳимоясига судга ҳеч қандай хат юборилмагани ва гаров бериш масаласи билан элчихона шуғулланмаслигини Озодликка тушунтиришди.

Элчихона расмийси юборган хабарда Баҳром Хуррамовга Россия Федерациясида расман қайдга олинган “Твер шаҳри ўзбек миллий-маданий автономияси”,”Турон” Москва вилояти ўзбеклар диаспораси”, “Москва ўзбеклари ҳамжамияти” ва яқинда тузилган “Ўзбекистон” Умумроссия диаспоралар кенгаши” ташкилотлари кафиллик беришга ҳамда маҳаллий қонунчилик асосида гаров киритишга тайёр экани билдирилган.

Жароҳатланган Артёмнинг онаси Лариса Хотеева ҳодиса сабабларини аниқлаб, Хуррамовга даъвоси йўқлигини билдирган. “ВКонтакте” порталидаги ўз саҳифасида Артём Хотеев касалхонадан чиқиши билан аризани қайтариб олишини билдирган.

Баҳром Хуррамовнинг Ўзбекистонда икки нафар фарзанди қолгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG