Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 09:58

Coca Cola "шакарчи"дан "металлчи"га ўтди


Coca-Cola Ўзбекистон ширкати ишлаб чиқарган маҳсулотлар дистрибуцияси бўйича назорат металл бизнеси билан шуғулланувчи Отабек Алиев билан яна бир тадбиркор Дилшод Жўраев қўлига ўтгани айтилмоқда. Шу пайтгача Coca-Cola савдоси “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов назоратида эди.


Металлчи йигит Coca-Cola савдосига хўжайин бўлди

Озодликка WhatsApp орқали етиб келган маълумотга кўра, Coca-Cola маҳсулотлари савдосини назорат қилиш 25 ёшли тадбиркор йигит Отабек Алиев қўлига ўтган.

Coca-Cola Ўзбекистон ширкатининг масъул ходими бу хабарга қўшимча киритиб, ҳозирда Coca-Cola маҳсулотларини тарқатиш бўйича икки шахс масъул эканлигини маълум қилди.

“Биз тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри шартнома қилмаймиз. Ҳаммаси дистрибюторлар орқали. Бутилкалар бўйича раҳбар ўзгариб, Отабек Алиев бу йўналишга масъул бўлди. Баклажкаларда чиқадиган ичимликлар бўйича дистрибютор эса Дилшод Жўраев. Фақат шу икки дистрибюторнинг дилерлари орқали фирмалар маҳсулотларимизни харид қилишлари мумкин”, деди ширкатнинг ўзини таништирмаган масъули.

Озода Алиеванинг Янгиобод маҳалласидаги ҳашаматли ховлиси. (Озодлик манбаси олган сурат)
Озода Алиеванинг Янгиобод маҳалласидаги ҳашаматли ховлиси. (Озодлик манбаси олган сурат)
Озодлик манбасига кўра, Отабек Алиев Тошкентнинг Янгиобод маҳалласида яшовчи метелл бизнеси бўйича таниқли тадбиркор аёл Озода Алиеванинг катта невараси бўлади. "Отабекнинг ўзи ҳам металл бизнеси билан шуғулланиб келган", дейди манба.

Озода Алиева кўп йиллар давомида металл бизнеси орқали даромад қилиб келгани, бугунги кунда ушбу оиланинг Тошкентда бир қанча дўконлари, тўйхоналари борлиги айтилаяпти.

“Баҳо Шакар” бизнеси тугатилаяптими?

Ўзбекистонда энг йирик тадбиркорлардан бири ҳисобланган ва бизнесини шакар савдосидан бошлагани учун “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов кейинги олти ой мобайнида Дубайдан туриб, Coca-Cola савдосини назорат қилаётган эди.

Бу вақт давомида Отабек Алиев қисқа муддат Coca-Cola дистрибютори этиб тайинланган ва кейинчалик бу бизнес ундан қайта тортиб олинган эди.

Эндиликда ушбу бизнес тўлалигича, Отабек Алиев билан Дилшод Жўраев қўлига ўтган.

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Баҳодир Каримжоновни қидириш ҳаракатларига Давлат божхона қўмитаси ҳам жалб қилинган.
Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Баҳодир Каримжоновни қидириш ҳаракатларига Давлат божхона қўмитаси ҳам жалб қилинган.
Тошкентдаги манбаларга кўра, бу ҳолат ҳуқуқ тартибот идоралари бир неча ойдан буён тергов қилаётган Баҳодир Каримжоновга тегишли мол-мулкни хатлаш ва тафтиш қилиш жараёни ниҳоясига етганидан дарак бўлиши мумкин.

Асосий бизнеси шакар импорти ва савдоси бўлган Каримжонов Coca-Cola маҳсулотлари дистрибуциясини назорат қилиш билан биргаликда пойтахтдаги йирик супермаркетлар тармоғи, хусусий тиббиёт, хусусий таълим соҳаларидаги бизнес фаолияти билан ҳам шуғулланган.

Жорий йилнинг апрел ойи бошида Баҳодир Каримжоновга тегишли Тошкентнинг “Бўстон” маҳалласида жойлашган ҳашаматли уйни “қора ниқоблилар” босган ва тадбиркорнинг уйидаги мол-мулки хатланиб, ота-онаси бошқа жойга кўчирилган эди.

Баҳодир Каримжоновга нисбатан Жиноят кодексининг “солиқ тўлашдан бўйин товлаш”, “мансаб ваколатини суистеъмол қилиш” каби жами 7 та моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Жиноят ишлари бўйича суди Каримжоновни сиртдан қамоққа олиш борасида ажрим чиқарган ва тадбиркорга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Гулнора Каримова “одамлари”

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларда Coca-Cola Ўзбекистон ширкатининг 49фоиз
акциялари Гаяне Авакянга тегишли экани иддао қилинган. Ҳужжатда Авакян Coca-Cola ширкатини Rockdale ва Muzimpex фирмалари орқали сотиб олгани қайд қилинган.

Гаяне Авакян Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова раҳбарлигидаги Ўзбекистон Маданият ва санъат форуми жамғармаси қошидаги Модалар уйининг директоридир.

Бундан ташқари, у ҳозир Швеция терговчиларининг бу мамлакат ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкати билан Гулнора Каримова ўртасидаги коррупцион алоқаларга оид айбловлар бўйича олиб бораётган тергов марказида турган Takilant.Ltd ширкатининг раҳбари ҳамдир.

Озодлик манбаларига кўра, Muzimpex эса Баҳодир Каримжоновга тегишли бўлиб, ушбу компанияда жорий йилнинг январ ойида тафтиш ишлари бошлангач, тадбиркор Дубайга қочишга мажбур бўлган.

Озодлик манбасининг айтишича, Гулнора Каримова ва Баҳодир Каримжонов (ўнгда) акс этган бу расм 2007 йил майида олинган.
Озодлик манбасининг айтишича, Гулнора Каримова ва Баҳодир Каримжонов (ўнгда) акс этган бу расм 2007 йил майида олинган.
Каримжоновнинг Гулнора Каримова билан яқин алоқалари бўлгани ҳақида Озодликка бир-биридан мустақил бир нечта манба гапирган.

Ушбу яқин алоқа туфайли Coca-Cola ичимликларини эксклюзив тарзда тарқатиш ҳуқуқига эга бўлган Каримжонов бугунги кунда бу бизнесдан бутунлай четлаштирилди.

Лекин айни пайтда Швецария прокуратураси томонидан пул ювганликда айбланиб, ҳисбга олинган ва гаров эвазига қўйиб юборилган Алишер Эргашев билан Шоҳруҳ Собиров Coca-Cola компаниясининг юристи Ирина Крилова тасдиғига кўра, ширкатда ўз фаолиятини давом эттиряпти.
XS
SM
MD
LG