Линклар

Гольяново чодир лагери тугатилди


Айрим мухолифат етакчилари Гольяново депортация марказини “нацистлар концлагерлари”га қиёслади.

Айрим мухолифат етакчилари Гольяново депортация марказини “нацистлар концлагерлари”га қиёслади.

Москванинг Голяново туманидаги мигрантлар чодир шаҳарчаси тарқатиб юборилди. Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси лагерда сақланган вьетнамликлар ўз юртига депортация қилингани, қолган муҳожирлар Северний қўрғонидаги хориж фуқароларни сақлаш марказига юборилганини хабар қилди.



Жамоатчилик орасида катта тортишувларга сабаб бўлган 2-Иртишская кўчасидаги ноқонуний муҳожирларни сақлаш шаҳарчасига ниҳоят барҳам берилди.

Ички ишлар вазирлигининг Москва бўйича Бош бошқармасида Озодликка бу маълумотни тасдиқлаб, 20 август куни лагерда қолган 246 ноқонуний муҳожирдан 12 нафари Вьетнамга депортация қилингани, қолганлари Северний қўрғонидаги Хориж фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказига юборилганини маълум қилишди.

Полиция бошқармаси офицерининг овози ёзиб олинмаслиги ва исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, чодир шаҳарча ҳақиқатан тарқатиб юборилган, аммо "юқоридан" бу маълумот юзасидан ортиқча изоҳ бермаслик ҳақида кўрсатма берилган.

Москва остонасида жойлашган Северний шаҳарчасидаги марказ 400 кишига мўлжаллаган бўлиб, бино ичкарисига сиғмаган меҳнат муҳожирлари учун марказ ҳовлисида Гольяноводан келтирилган ҳарбий чодирлар ўрнатилиши айтилди.

Полиция раҳбарияти фикрича, муҳожирларнинг марказга кўчирилгани улар шахсини аниқлаш ва депортация учун зарурий ҳужжатларни расмийлаштиришни тезлаштиради.

Бироқ, Гольяново марказининг пайдо бўлиши Россия ва хориж ҳуқуқ ҳимоячилари жиддий қаршилигига учради. Бир гуруҳ россиялик ҳуқуқ фаоллари муҳожирларнинг лагерларда ноқонуний сақланиши юзасидан жиноий иш қўзғатишни талаб қилиб норозилик намойишларни уюштирди, ҳукумат расмийларига қатор талабнома ва мурожаатномаларни юборди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина шаҳар прокуратураси ўз қарори билан 2-Иртишская кўчасида ноқонуний тарзда ва мажбуран ушлаб турилган шахсларни озод этиши кераклигига эътибор қаратган эди.

Айрим мухолифат етакчилари Гольяново депортация марказини “нацистлар концлагерлари”га қиёслади.

Голяновода бўлиб қайтган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари одамлар иссиқ сувсиз, гигиена ва алоқа воситаларисиз, яшашга мўлжалланмаган чодирларда сақланаётганини таъкидлаган эди.

Бир неча кун олдин Россия Федерал миграция хизматининг Москва бўйича бошлиғи Ольга Кириллова чодир шаҳарча август ойи охирларига қадар тугатилишини ваъда қилди.

Август бошларида Гольяново чодир шаҳарчасида полиция рейдлари давомида ушланган 600дан зиёд хорижлик сақланган эди.

Москва ва Подмосковье бозорларида кенг кўламли текширувлар июл ойида “Матвеевский” бозорида полициячи калтакланганидан кейин бошланганди. Мазкур рейдлар чоғида юзлаб меҳнат муҳожири, шу жумладан, ўзбекистонликлар қўлга олинган.

Айни пайтда, Москва, Петербург ва Россиянинг бошқа ўлкаларида “ноқонуний муҳожир ови” давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG