Линклар

11 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги "Боғларбоши" Когресс залида Андижонда рўй берган қонли воқеаларнинг 9 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Йиғилишда қатнашган 300 атрофида ўзбек ва марказий осиёлик иштирокчилар тоталитар режим табиати ҳамда йиллар давомида бетаъсир қолаётган Ўзбекистон режимини фожеа учун жавобгарликка тортиш йўллари ҳақида фикр алмашдилар.


Истанбулда Андижон фожеасининг 9 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Истанбул шаҳридаги "Боғларбоши" Когресс залида ўтган бу тадбирда иштирок этган асли наманганлик муҳожир ва мухолифат фаоли Нурбек залда йиғилган ўзбеклар сони 300 дан ортиқ эканини айтди.

Унинг айтишича, залга йиғилганлар орадан 9 йил ўтган бўлса-да, 2005 йилнинг 13 майида Андижондаги Бобур майдонида содир бўлган қатлиом зарра қадар унутилмагани, аксинча, йиллар ўтгани сайин бу ерда қурбон берилган тинч аҳоли учун жавоб берилажагини такрорлаганлар.

- Ҳеч ким унутмаган. Аксинча, бунга албатта жавоб берлиши керак, эртами ё кеч золим ҳукумат бунга жавоб бериши керак, деб гапирди ҳамма. Тадбирда бунча ўзбек бўлади, деб кутмаган эдим. 300 га яқин ўзбек келди, зал тўлди. Келганлар бирлашишга келишди. Энди улар миллатига қараб эмас, динига қараб бирлашишга ва шу золим режимни жавобгарликка тортишга келишишди, - дейди Истанбул анжумани қатнашчиси.

Қуйида у билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:


Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тарқатган баёнотда ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳ Андижон фожиасидан буён ўтган 9 йиллик қисқа муддат ичида фожианинг унутилаёзганидан таажжубда экани таъкидланди.

"Афсуски, биз халқ ўлароқ жуда унутувчан ва жуда лоқайд бўлиб бораяпмиз, шекилли. Чунки Андижон фожиасидан бор-йўғи 9 йил кечди, жуда кўплар бу ҳақда эсламайди ҳам, ҳатто "Сизлар нимани хотирлаяпсизлар", дея киноя ҳам қилишади баъзилари. Бу лоқайдлик мени ҳайратга солади ва наҳотки, биз шу қадар орсизлашдик, дея даҳшатга тушаман. Бизнинг ўз фожиаларимизга лоқайдлигимизни кўрган золимлар бундай қатлиомларни осонликча такрорлашлари учун замин яратади бу. Қани бизнинг миллатпарвар зиёлиларимиз? "Гўзал Туркистон санга на бўлди?" деб куйлайдиган шоирларимиз қаерга ғойиб бўлди? Бугун Андижонда ҳалок бўлган қаҳрамонларимиз ҳаққига Оллоҳдан раҳматлар тилайман ва Оллоҳ бизнинг ор ва номус туйғумизни тирилтирсин, деб дуо қиламан", дейди Муҳаммад Солиҳ.

2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда, расмий маълумотларга кўра, 180 киши ҳалок бўлган.

Мустақил манбалар эса фожеа қурбонлари сони бундан бир неча ўн баробар кўп бўлганини таъкидлайди.

Бобур майдонидаги қонли фожеадан кейин халқаро жамоатчилик ўзбек расмийларидан Андижон воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ бу талаб расмий Тошкент томонидан рад этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG