Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 13:49

Қашқадарёда 70 дан ортиқ шахс ЎИҲга аъзоликда айбланмоқда


Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Карачи аэропортига ҳужум уюштиргани иддао қилинаëтган 10 нафар худкуш аъзоси.
Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Карачи аэропортига ҳужум уюштиргани иддао қилинаëтган 10 нафар худкуш аъзоси.

Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда айбланаёган 6 шахс 9 йилдан 15 йилга қадар муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Буларнинг 3 нафари эркак, 3 нафари аёл кишидир. “Эзгулик” жамиятига кўра, яна 60 дан ортиқ одам айни айблов билан судга тортилган.

2014 йилнинг 7 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг судьяси Г. Азизова раислигидаги маҳкама Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда айбланаёган 70 дан ортиқ шахснинг дастлабки 6 нафари устидан ҳукм ўқиди.

Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти хабар тарқатган.

Жамият хабарномасига кўра, фуқаролар Отабек Очилов, Зафар Пўлатов, Бахтиёр Бозоров, Лолахон Қудратова, Нигора Эрназарова ҳамда Азиза Мухитдиноваларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 155-моддаси (Терроризм), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ҳамда 2442-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш)да айбланиб, 9 йилдан 15 йилга қадар бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Суд ҳукмига кўра, бу шахслар Россия Федерациясига тирикчилик мақсадида боришиб, 2010-13 йилларда Покистон Ислом Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” ташкилотига аъзо бўлишган.

Ташкилот ғояларини мигрантлар орасида ёйиб, Ўзбекистондаги вазиятни беқарорлаштириш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш ҳамда ўлкада халифатчилик давлатини қуришни режалаштиришган.

“...шу мақсадда Россияда ишлаб топган пулларидан байтулмол учун 500 АҚШ доллари ажратиб, Россия Федерацияси ҳудудидан ўтувчи “Москва – Боку – Зоҳидон-Вана” поезди орқали Покистондаги террорчи гуруҳларга қўшилмоқчи бўлгани аниқланди. Шунингдек, Россия Федерациясининг номаълум гўшаларида ўқотар қуроллардан фойдаланиш, жиҳодчилик тайёргарлигидан ўтган жиноятчилар Ўзбекистондаги президентлик ва парламентар тузумини ўзгартиришни режалаштирган” дейилади суд ҳукмида.

“Эзгулик” жамиятининг судланувчилар ҳимоячилари ва қариндошларига таяниб айтишича, ҳозирги кунда Қашқадарёда “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”га мансубликда гумонланган яна 60 дан ортиқ шахсга нисбатан тергов ва суриштирув ишлари борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари жамияти ўз баёнотида буюртма маҳкамаларда кечаётган бундай жараёнларни қоралаб, юқори инстанция судларини Ўзбекистон Республикаси ва халқаро ҳуқуқий нормаларга мутаносиб равишда қарорлар чиқаришга чақирган.

XS
SM
MD
LG