Линклар

logo-print

Жиззах вилояти Бахмал туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ намозхон зиёфатга йиғилган хонадонда қора ниқоблилар рейд ўтказди. Озодлик манбаларига кўра, Бахмал туманидаги Гулбоғ фуқаролар йиғинида оқшомги зиёфатда ўтирган 20 яқин диндордан 8 нафари ҳисбга олинган. Жиззах вилояти ИИБда сақланаётган диндорлар "жиҳодчилик ҳаракатларига алоқадорлик"да гумон қилинаётгани айтилмоқда.

Бахмал туманидаги Гулбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қарапча, Чаррак ва Чангал қишлоқларида истиқомат қилувчи 8 диндор Жиззах вилояти куч ишлатар тузилмаларига тегишли экани айтилган қора ниқоблилар рейдида ҳибсга олинди.

Озодлик манбалари 20 октябрь куни йўллаган хабарда айтилишича, маҳаллий намозхон ва имомлардан иборат гуруҳ 12 октябрь оқшомида Қарапча қишлоғидаги сафдошининг уйида зиёфатга йиғилган жойида босқинга учраган.

"Бизда савбат, дейишади - "гап"га ўхшаган зиёфат - шунга йиғилган бўлган. Шу Қарапчанинг ўзидан 3-4та мулла, кейин Чаррак, Чангал деган қишлоқлардан ҳам борган, у ёқ-бу ёғи 20 киши бўлган. Булар ўзи шунақа ҳар ойда бир марта минг долларлик зиёфатга йиғилишарди. Шунда бирдан ниқоблилар келиб, ҳаммасини олиб кетди. Шу бўйи ҳали қайтаришгани йўқ. Жиҳодчиларга алоқаси бор, деб қамоқда ушлаб туришибди экан", деди Озодлик билан суҳбатда Қарапча қишлоғида истиқомат қилувчи манба.

Исмини ошкор қилмаётганимиз манбанинг айтишича, ҳибсга олинганлар маҳаллий аҳоли бир сўз билан "мулла" деб атайдиган намозхон, имом ва дуохонлардан иборат хос гуруҳдир.

"Бизда "мулла" дейди буларни. Шу одамларга дам солади, дуо билан даъволайди. Кейин баъзилари имомчилик қилади, илми бор. Баъзиларининг илми ҳам йўқ, лекин авлоди мулла, эшон ўтган. Орасида шу зўри Даврон деган мулла эди. Кейин Бахмал педагогика коллежида ишлайдиган Музаффар эшонни ҳам олиб кетишган", деди Озодлик манбаси микрофонсиз суҳбатда.

Бахмал туманидаги маҳаллий ҳокимиятга тегишли идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси Озодлик манбаларидан олинган бу маълумотни тасдиқлади:

"Областной анти-террор бўлими (Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг Террорга қарши кураш бўлими - таҳр.)дан келиб, махсус амалиёт ўтказишганда. Кўпчилиги қўйиб юборилган ҳозир", дея гапни қисқа қилган мулозим бошқа маълумот бермади.

Ҳозирча Бахмал тумани ёки Жиззах вилояти ИИБ, шунингдек, ҳибсга олинганлардан бири ишлаган Бахмал педагогика коллежидан бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Воқеа содир бўлган Гулбулоқ фуқаролар йиғинидаги маҳалла кексаларидан бири ҳибсга олинган намозхонларга нисбатан илгари сурилаётган жиҳодчиликка оид айбловлар асоссиз, деган фикрни тилга олди:

"Улар намозхон болалар, шу оддийгина бир ойда бир марта бўладиган "гап" (зиёфат)га йиғилишарди, гап ўйналарди. Оддийгина ҳангома бўларди. Унақа диний саволларам оддий бўларди. Унақа маърузалар бўлмасди. Ҳозир энди шулардан 8 тасини мелисада ушлаб турибди, ҳалиям келишмади", деди исмини ошкор қилмаётганимиз бу фаол.

Ўзи ҳам беш маҳал намоз ўқиши ва масжидга қатнаб туришини айтган бу суҳбатдош, қора ниқоблилар гуруҳи босқини чоғида зиёфатга йиғилганларни олиб кетиш учун бирор асос ёки ҳужжат кўрсатилмаган, деган иддаосини ҳам қайд этиб ўтди.

Шу кунларда Ўзбекистонда турли жамоат йиғинлари ва савдо, маиший хизмат шохобчаларида куч ишлатар тузилмаларига қарашли қора ниқобли махсус гуруҳлар томонидан рейд ўтказилаётганига оид хабарлар тез-тез кўзга ташланмоқда.

Аммо, хонадонда зиёфатда ўтирган диндорларнинг қора ниқоблилар томонидан олиб кетилиши Озодликка илк бор хабар қилинмоқда. Шу кунга қадар бундай ҳибслар ички ишлар идоралари ёхуд миллий хавфизлик хизматига қарашли идоралар ходимлари томонидан амалга оширилиши кузатилган.

Бундай ҳибслар чоғида ҳам куч ишлатар тузилмалари ходимлари ҳужжати ёки ҳибсга олиш учун санкцияни тақдим этмасдан ҳибсга олганига оид шикоятлар Озодликка кўп келган.

Аслида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ниқоб таққан махсус гуруҳлари Тошкент ва вилоятлардаги йирик савдо мажмуалари, бозорлар ва ташкилотларга уюштираётган рейдлар шов-шув, норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, сентябрь ойида Тошкентда ўндан зиёд заргарлик дўкони куч ишлатар тизимлари номидан борган "қора ниқоблилар"нинг рейди ортидан ёпиб қўйилди. Заргарлар рейд чоғида уларнинг катта миқдордаги мол-мулки ноқонуний мусодара қилинганидан шикоят қилди.

Шу йилнинг 20 июнида ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора ниқобли"лар махсус гуруҳи Тошкентдаги "Drujba Burger" тармоғининг ўнга яқин кафеларига бир пайтнинг ўзида рейд уюштирди.

Қора ниқоблиларнинг 2012 йилдаги йирик рейди Наманган шаҳри марказидаги "Исфархон" савдо марказида 14 август куни бўлган ва ўшанда автоматлар билан қуролланган ниқоблилар бозордан камида 30 та юк машинасида тадбиркорлар мол-мулкини олиб кетганидан Озодликка шикоят бўлган эди.

2011 йилнинг 16 сентябр куни Тошкентдаги "Малика" савдо марказида "Қора ниқоблилар" гуруҳи рейд ўтказиб, "Чиго" ва "Метро" дўконларининг ҳамма товарини мусодара қилган.

Шунингдек, ўша йили 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, Туркиянинг "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган ва бу ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG