Линклар

Ўзбекистон диний идораси "Интернет таҳдидларидан" огоҳлантирувчи китоб чиқарди


Китоб муқовасига Facebook, Google, Twitter каби ўнлаб технология ширкатлари логотиплари туширилган

Китоб муқовасига Facebook, Google, Twitter каби ўнлаб технология ширкатлари логотиплари туширилган

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси бутун мамлакат бўйлаб “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли янги китоб тақдимотини ўтказмоқда. Идора раисининг ўринбосари қаламига мансуб китоб бугунги кунда Интернет “экстремист ва террорчилар”, қолаверса “ғарблик айрим ғаразли кучлар” ўзбек “ёшларини манқуртлаштириш” мақсадида ишлатадиган қуролга айлангани таъкидланади. Ҳисоб-китобларга кўра, Япония ва АҚШ каби мамлакатларда 90 фоиз аҳоли Интернетдан фойдаланади, лекин аҳолисининг 38 фоизи Интернетга кириш имконига эга Ўзбекистон жаҳон тармоғидан огоҳлантирувчи китоб чоп қилган саноқли мамлакатлардан бирига айланди.

"Интернетдаги ғаразли кучлардан эҳтиёт бўл!"

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китоби тақдимоти шу кунларда бутун мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда.

2015 йилнинг охирида чоп этилганига қарамасдан аллақачон йилнинг энг яхши китоби, дея эътироф этилган нашр презентациясида диний идора вакиллари билан, ички ишлар органлари, жамоатчилик ташкилотлари ва арбоблари иштирок этмоқда.

“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби тақдимоти дин ва жамоат арбоблари иштирокида Қуръон тиловати билан очилиб, дуолар билан якунланмоқда.

“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби тақдимоти дин ва жамоат арбоблари иштирокида Қуръон тиловати билан очилиб, дуолар билан якунланмоқда.

Мухбирингиз китобни варқлаб кўргани йўқ, лекин тақдимот маросими ҳақида берилаётган хабарлардан бугун дуёнинг барча муаммолари асосий сабабчиси Интернетдир деган муждани кўриш мумкин.

Масалан, диний идора берган хабарномада айтилишича, Тошкент ва Хоразм вилоятида ўтган тақдимот иштирокчилари “террорчилик ташкилотлари ўз сафини кенгайтириб, манфур мақсадларини амалга оширишда асосан интернетдан” фойдаланаётганини таъкидлашган.

Шунингдек “асарда ғарблик айрим ғаразли кучлар томонидан ёшларни манқуртлаштириш мақсадида, беҳаёлик, зўравонлик, одам ўлдириш, бепарволик, дангасалик каби кўплаб салбий хислатларни ўз ичига қамраб олган ўйинларнинг зарарларига ҳам алоҳида урғу берилган”и айтилади диний идора хабарномасида.

Муаллифнинг ҳамкасби, мусулмонлар идораси раисининг муовини шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда китоб муаллифининг мақсади Интернетни қоралаш эмас, шунчаки ёшларга ундан оқилона фойдаланишни ўргатишдир, дея билдирди.

- Интернетдан ҳамма фойдаланади, унинг ижобий томонлари жуда кўп. Лекин ёшлар буни ўйин сифатида, бўш вақтларини шу билан ўтказиш мақсадида турли-туман сайтларга кириб, бўлар-бўлмас нарсаларни ўқиб, шундан таъсирланаётгани маълум бўлди. Китобда Инетрентдан оқилона фойдаланиш усуллари кўрсатиляпти. Ва ҳаётдан мисоллар билан кўрсатиляптики, ўша Интернет орқали нимани бўлса ўқиб, ўшанга ишониб кетиш натижасида улар ўзларининг тўғри йўлларини йўқотиб қўйганликлари ва ўша нохуж натижаларга эга бўлганликлари учун бизда шунинг олди вақтлироқ олиняпти,- дейди диний идора мулозими.

Абдулазиз Мансурнинг айтишича, китобнинг ҳар бир саҳифасида “ё ҳадис, ё саҳобалар ривоятларидан иқтибос келтирилиб” китобхон Интернет таҳдидларидан огоҳлантирилади.

Тараққий этган мамлакатлар Интернетдан қўрқмайди

Технология мутахассисларига кўра, Ўзбекистонда 11 миллионга яқин одам, яъни аҳолнинг 38 фоизи Интернетдан фойдаланади. Япония, АҚШ, Германия, Франция каби тарққий этган мамлакатларда 85-90 фоиз аҳоли Интернет фойдаланувчисидир. Интернет энг асосий ҳуқуқлар сирасига киритлган Финляндия, Норвегия ва Швецияда эса 95 фоиз аҳоли жаҳон тармоғи мижозидир.

Лекин Ўзбекистондан фарқли ўлароқ бу мамлакатларнинг бирортасида ёшлар “Интернет таҳдидлари”дан огоҳлантирилаётгани йўқ. Умуман олганда Интернет таҳдидлари бу мамлакатларда вирус, спам ёки электрон фирибгарликлар каби муаммолар билан боғлиқ.

Бошқа ҳисоб-китобларга кўра, тараққий этган мамлакатлар аҳолиларининг ўртача 80 фоизи Интернетда фойдаланади. Ривожланаётган мамлакатларда эса бу кўрсаткич ўртача 32 фоизни ташкил этади.

Диний идора вакиллари иштирокида Қуръон тиловати билан очилиб, дуолар билан ёпилаётган китоб тақдимот маросимлари ёшларни бугунги тараққиётнинг асосий омилларидан бири ҳисобланган Интернетдан чўчитиб қўймасмикан, деган саволга шайх Абдулазиз Мансур қисқача “асло”, деб жавоб берди.

ИШИД таҳдидлари ҳам оят ва ҳадислар билан безатилди

Монитор олдида кўп ўтириш кўзнинг қизаришига олиб келиши мумкинлиги тўғрисидаги маслаҳатларни ҳам ўз ичига олган “Инетрентдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг муқовасига Facebook, Google, Twitter, Whatsapp, Telegram, Yahoo, Apple, Youtube, Skype, Microsoft каби ўнлаб технология ширкатлари логотиплари туширилган.

Facebook асосчиси Марк Цукерберг Интернетни жаҳон бўйлаб янада кенгайтириш режаларини эълон қилган

Facebook асосчиси Марк Цукерберг Интернетни жаҳон бўйлаб янада кенгайтириш режаларини эълон қилган

Бу ширкатлар жаҳон бўйлаб Интернет аҳолисининг кенгайишига ҳисса қўшаётгани рост. Facebook асосчиси Марк Цукерберг 2015 йил сентябрида БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва Германия Канцлери Ангела Меркель иштирокида ўтган халқаро тадбирда Интернетни янада кенгайтириш режалари ҳақида эълон қилди.

- Facebook бугун жаҳон етакчилари ва жамоат арбоблари иштирокидаги One Campaign ҳаракати билан биргаликда Интернетга боғланиш декларациясини қўллаб-қувватлашга қаратилган умумжаҳон кампаниясини бошлаётганини эълон қилишдан мамнунман. Мазкур декларацияда Интернетга кира олиш имкони инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омили эканини эътироф этади,- деди Цукреберг.

Яқинда эса, Марк Цукреберг ва Twitter тармоғи раҳбари Жэк Дорсига “Исломий давлат” экстремист гуруҳи таҳдид қилди. Бунга Facebook ва Twitter тармоқларидан ИШИДга доир саҳифаларни олиб ташлаш уриниши сабаб бўлди. Энг қизиғи ИШИДчилар ўз таҳдидларини “Интернет таҳдидларидан ҳимоя” китобидаги каби оят ва ҳадислар билан безади.

Ўзбекистон расмий матбуотида Интернет ва ижтимоий тармоқларни “атом бомбаси”га қиёслаган тарғибот материаллар бундан аввал ҳам пайдо бўлган.

Яқинда президент Ислом Каримов Интернетни тўхтатишга уринганларни “аҳмоқ”, деб атаганига қармасдан, Ўзбекистонда мустақил ахборот воситалари, жумладан Озодлик сайти тўсиб қўйилган. Халқаро ташкилотлар тарафидан “Интернет душмани”, дея таснифланган Ўзбекистонда Skype хизмати ярим йилдан бери ишламайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG