Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:42

Ташкилот ва корхоналардан бир кунлик маошни хайрия фондига ўтказиш сўралмоқда


Ўзбекистонда Наврўз байрами олдидан ҳашар¸ шанбалик
Ўзбекистонда Наврўз байрами олдидан ҳашар¸ шанбалик

Ўзбекистон бўйлаб маҳаллий ҳокимиятлар корхона ва ташкилотлар ходимларидан бир кунлик иш ҳақини "Маҳалла" хайрия жамоат фондига ўтказишни сўрамоқда.

Озодлик қўлга киритган ҳужжатга кўра, айни тадбир Ўзбекистон вазирлар маҳкамаси томонидан 2 мартда қабул қилинган 208-Ф сонли фармойиш асосида амалга оширилмоқда.

Мазкур фармойишда барча идоралар ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағларини "Маҳалла" хайрия фондининг жойлардаги бўлинмалари банк ҳисоб рақамларига ўтказишлари кераклиги белгиланган.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий ҳокимият ва "Маҳалла" хайрия фонди вакиллари бир кунлик маошни тўплаш ихтиёрий-мажбурий равишда олиб борилаётганини эътироф этдилар.

11-12 март кунлари Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан Ўзбекистон бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ҳам ўтказилган эди.

Режа

Учтепа ҳокими мактуби
Учтепа ҳокими мактуби

Озодлик қўлга киритган расмий ҳужжатда Тошкент шаҳар Учтепа туман ҳокими хайриядан тушган маблағнинг қайси соҳаларга йўналтирилишини алоҳида кўрсатган.

Хайриядан тушган маблағ "ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга, пенсионер ва ногиронларга, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга, маҳаллалардаги мавжуд спорт майдончаларини жорий таъмирлашга сарфланади," дея таъкидланади Учтепа ҳокими расмий мактубида.

Ихтиёрий-мажбурий

Озодлик биргина Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида 870 миллион сўм, Чилонзор туманида 2 миллиард сўм, Миробод туманларида 4 миллиард сўмга яқин маблағ тўплаш режаланганини аниқлади.

Учтепа тумани расмийларидан бири тўпланган маблағ Вазирлар маҳкамаси қарори билан тақсимланишини айтди.

У хайрия маблағини тўплаш кампанияси "ихтиёрий-мажбурий" равишда олиб борилаётганини эътироф этди.

"Ихтиёрий-мажбурий. Суғуртани қандай қиласиз? Суғурта ихтиёрий, лекин мажбурий. Буни тўламасангиз, билмадим. Биз ҳали бундай даражага келмаганмиз," деди Учтепа тумани ҳокимияти мулозими.

Айни туманда 20 одамни иш билан таъминлаган ишлаб чиқарувчининг айтишича, корхоналар сўралган маблағни, ҳокимиятга беришни истамаса-да, беришга мажбур.

"Ҳеч ким беришни истамайди. Лекин мажбурмиз. Бермасак, кейин солиқдан, санэпидстанциядан текширувчиларни юборавериб, светни ўчириб юборавериб хит қилиб юборишади. Яхшиси, ўша бир-икки миллион сўм пулини берамизу қутуламиз," деди исми ошкор этилмаслигини сўраган ишлаб чиқарувчи.

Наврўз, Мустақиллик ва "Маҳалла" жамғармаси

Ўзбекистонда умумхалқ ҳашарлари ва хайрия фондларига маблағ тўплаш тадбирларини ҳар йили 21 март куни нишонланадиган Наврўз байрами ҳамда 1 сентябрь – Мустақиллик куни олдидан ўтказиш ананага айланган.

Ҳар йили ўтказиладиган ҳашарлардан келиб тушадиган маблағлар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, етимлар ва ёлғиз қарияларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга сарфланиши, шунингдек, бу маблағлар Давлат дастурларига ва бошқа ижтимоий-аҳамиятли дастурларга, ўз-ўзини бошқариш органларини қўллаб-қувватлашга ҳам йўналтирилиши айтилади.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ўзбекистон президентининг 1992 йил 12 сентябрдаги «Республика «Маҳалла» хайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони билан “юридик шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат фонди бўлган нодавлат нотижорат ташкилот” эди.

Ўзбекистон президентининг ​3 февралда имзолаган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, "Маҳалла" жамғармаси раиси вазир мақомига кўтарилган.

XS
SM
MD
LG