Линклар

Ота-онаси Россияда юрган ўсмир қиз дугонаси билан каналга чўкиб ўлди


Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 1-мактабнинг 6-синфида ўқиëтган икки дугона 20 май¸ жума куни мактабдан чиқиб¸ уйига қайтмади. Эртасига қизлардан бирининг¸ якшанба эса иккинчисининг жасади шаҳардан ўтувчи катта каналдан топилди. Тахминларга кўра¸ ота-онаси 6 йилдан бери Россияда ишлаëтган қиз ўзини сувга ташлагани ортидан¸ уни қутқармоқчи бўлган дугонаси ҳам чўкиб кетган.

Озодликка етиб келган хабарга кўра¸ 20 май куни Ромитан туманидаги 1-мактабнинг 6-синфида ўқиëтган икки қиз соат 4 ларда мактабдан чиқиб кетгунча¸ уйига бормаган. (Ҳар иккала қизнинг исми-шаифи Озодликка маълум¸ ахлоқ нуқтаи-назаридан¸ улар ошкор этилмаëтир – таҳр.) Кўп ўтмай мактаб ва маҳалла¸ шунингдек маҳаллий милиция бўлими уларни қидиришга киришган.

“Қизлардан бири (СҒ)¸ оиласидан қаттиқ сиқилган экан. Ота-она олти йилдан бери Россияда ишлаб юрган. Бу қизни эрга теккан катта опасига ташлаб кетган. Опаси яқинда туққан¸ унинг эри ҳам Россияда экан. Қайнота-қайнонаси билан яшаркан. Опа-сингил ҳар кун жанжаллашар экан¸ синглисини қаттиқ тергар экан. Қизча буни мактабдаги ўртоғига (СФ) айтар экан. Бир кун олдин ҳам опаси билан уруш қилган. Мактабдан чиқиб¸ икки қиз кетган¸ ўртоғига ҳасрат қилмоқчи бўлганми. Ромитандан Хайробод деган катта канал ўтади¸ ҳозир суви лопиллаб турипти.Шунга ташлаган. Биттасининг ўлиги эртасига топилди¸ бошқаси бозор куни (якшанба¸ 22 май – таҳр.) топилди. Дарров кўмишди”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда воқеа тафсилотларига яқин манба.

Ромитан ички ишлар бўлимида бораëтган жараëндан хабардор манбанинг айтишича¸ воқеа юзасидан жиноий иш очилмаган. Айни пайтда¸ милиция ва туман прокуратурасининг вояга етмаганлар билан шуғулланувчи ходимлари суриштирув олиб бормоқда¸ мактаб мутасаддиларидан тушунтириш хатлари олинган.

Воқеага яқин манбага кўра¸ иккинчи қиз ҳурматли оиланинг сўнгги фарзанди бўлган. Хулқи ва ўқиши бўйича синфдошларидан анча олдинда бўлган иккинчи қизнинг ўртоғини қутқараман деб чўкиб кетгани тахмин қилинмоқда.

“Тафсилотларни ҳеч ким билмайди. Биринчи қиз жонидан тўйиб¸ ўзини отган бўлса¸ бу уни қутқараман деб ташлаганми ўзини сувга. Ë икки дугона келишиб сувга отганми ўзини¸ ҳеч ким билмайди. Икки дугонани кетма-кет тупроққа қўйишди. Биринчи қизнинг ота-онасига хабар беришибди¸ келди Россиядан”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган ромитанликлардан бири.

Бошқа бир ромитанликнинг Озодликка ëзишича¸ иккала қиз ҳам металлолом сабаб¸ сувга чўккан. Мактаб тугаши арафасида металлолом бўйича топшириқни бажармаган ўқувчиларга босим кучайган¸ уларни ўқитувчилар яна ҳамманинг олдида изза қилган. Шундан безор бўлган қизлар¸ канал бўйидан металл оламиз деб¸ сувга тойиб кетган¸ деган иддаони илгари сурди Озодликка ромитанликлардан бири.

“Икки қизалоқ ифлос металломчиларни деб катта ариқ каналга тушиб ҳалок бўлишди... Қизчалар катта ариқ-канал ёқасидан металлолом оламиз деб тушиб кетишган”¸ деб ëзди бу манба.

Ҳозирча қизлар ўлимига металлолом йиғимининг алоқадорлиги ҳақидаги бу иддао тасдиқланмади.

Иккала қиз ўқиган мактаб¸ қолаверса¸ Ромитан ички ишлар тизимига алоқадор манбалар бу иддаони мутлақ инкор қилдилар.

“Мактабнинг бу воқеага алоқаси йўқ. Аксинча¸ улар қизларнинг уйига бормаганини эшитиб¸ оëққа турган. Иккала қизнинг оиласи ҳеч кимга эътироз билдирмаган. Тақдир шу экан¸ деб ўтиришибди йиғлаб-додлаб”¸ деди воқеага алоқадор расмий манбалардан бири.

Озодлик манбаларига кўра¸ қизлар ўлимига асосий сабаб қилиб¸ ота-онаси Россияда юрган қизнинг депрессияга тушиб¸ ўз жонига қасд қилгани тахмин қилинмоқда. Иккинчи қиз¸ тасодифий қурбон сифатида кўрилмоқда.

Март ойида Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган ҳисоботда Самарқанда вилояти мисолида ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг кўпайгани айтилган эди.

Ҳисоботда¸ўз жонига қасд қилиш холатларининг аксари мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари орасида содир бўлгани алоҳида таъкидланган эди.

Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари¸ хусусан¸ вояга етмаганларнинг ўзи ўлдириш ҳолларига оид расмий статистика ҳам¸ худкушлик мотивлари ҳақидаги таҳлил ҳам жамоатчиликка эълон қилинмайди.

XS
SM
MD
LG