Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:42

ЎИҲ Тоҳир Йўлдошнинг бир йил муқаддам ҳалок бўлганини эълон қилди


Тоҳир Йўлдош 18 йилдан бери Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини бошқариб келганди.
Тоҳир Йўлдош 18 йилдан бери Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини бошқариб келганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг шу йил 17 август куни ёйинлаган баёнотида айтилишича, ҳаракат раҳбари Муҳаммад Тоҳир “Форуқ” (Тоҳир Йўлдош) 2009 йилнинг 27 август куни – ҳижрий-қамарий ҳисоб билан бундан роппа-роса бир йил аввал ҳалок бўлган.


Бу ҳақда жангари гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни кузатиб борувчи “SITE Intelligence Group” ташкилоти (мазкур ташкилот қароргоҳи АҚШда жойлашган) ҳам хабар тарқатди

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг собиқ етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг майити.
ЎИҲга тегишли экани айтиладиган www.furqon.com сайтида эълон қилинган баёнотда Тоҳир Йўлдош 2009 йил 27 август, пайшанба куни пешин намозидан кейин АҚШнинг учувчисиз парвоз қиладиган учқичи уюштирган ҳужум оқибатида ҳалок бўлгани билдирилган.

Сайтда Тоҳир Йўлдошнинг ўрнига ЎИҲ амири этиб тайинлангани айтилаётган Усмон Одилнинг баёноти ҳам эълон қилинган.

- Жанубий Вазиристонда ўтган 1430 ҳижрий йил, олтинчи Рамазон, пайшанба куни, пешин намозини адо этилгандан сўнг Американинг жосус тайёрасидан отилган ракета ҳужуми натижасида Тоҳир ака раҳимаҳуллоҳ билан бир неча сафдош мужоҳид биродарларимиз шаҳид бўлишган эди, - дейди Усмон Одилга тегишли экани айтилган овоз.

Айни пайтда сайтга қўйилган 50 дан ортиқ фотосурат орасида Тоҳир Йўлдошнинг жағи танғилган (мусулмон одатига кўра, маййитнинг жағини шундай танғиб қўядилар – таҳр.) бир нечта сурат ҳам бор. Шунингдек, Тоҳир Йўлдошнинг васияти сарлавҳаси остидаги хабарда унинг овози ёзилган аудио файлни ҳам эшитиш мумкин.

- Оллоҳ учун сўраяпман, кимнинг катта бўлсин, кичик бўлсин менда ҳақи бўладиган бўлса жонида¸ молида¸ обрўсини тўккан бўлсам¸ келиб туриб мендан ҳақини олиб олсин. Иншооллоҳ Оллоҳга қасам туриб бераман. Ҳеч қайсинглар ҳижолат чекмaнглар. Лекин охиратга қолдирманглар. Чунки мен қалбим соф Роббимга йўлиқмоқчиман. Ҳаммамиз бир биримиздан шаҳид бўлиш учун ажраяпмиз.

Эслатиш жоизки, бундан олдин ҳам Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. Хусусан, ўтган йили Тоҳир Йўлдош Покистоннинг Афғонистонга чегарадош Жанубий Вазиристон вилоятида АҚШ учқичи уюштирган ҳужум пайтида ҳалок бўлгани билдирилганди.

2009 йилнинг 28 сентябр куни Покистондан ўзини Тоҳир Йўлдошнинг сафдоши ва тансоқчиси деб танитган шахс Озодлик радиосига телефон қилиб, ўша ой бошида Тоҳир Йўлдош яраланиб, бир оёғидан айрилгани ва эртаси куни жон таслим қилганини маълум қилган эди.

- Мен авваллари Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг амири Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг телохлари (тансоқчилари) дан бўлганман. Ҳозирги кунда бошқа хизматлар билан юрибмиз. Байтуллоҳ Масъуд минтақасида бўлган ракета ҳужумидан Байтуллоҳ Масъуднинг ўзи ҳалок бўлди-ку. Мана шу ҳужумдан кейинги ана шу минтақадаги биринчи ракета ҳужумида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг амири Муҳаммад Тоҳир Форуқ - Тоҳир Йўлдош номи билан машҳур¸ оғир ярадор бўлиб¸ кейин ҳалок бўлди. Оғир ярадор бўлган. Улар ўзларининг ичида ҳам ҳозир махфий қилишмоқда, деганди исми ошкор қилинишини истамаган шахс.

Бироқ бу хабардан саноқли кунлар ўтгач, ўзини Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг вакили Абдул Фаттоҳ Аҳмадий деб танитган киши Озодлик радиосига электрон мактуб йўллаб, Тоҳир Йўлдошнинг ўлими тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати томонидан 2009 йил 17 декабр куни эълон қилинмиш "1430 ҳижрий, 2009 милодий йилдаги шаҳидлар" рўйхатида ҳам Тоҳир Йўлдош номи зикр этилмаганди.

ЎИҲнинг ҳаракат раҳбари ҳалок бўлганига оид 16 август куни тарқатган баёнотида Тоҳир Йўлдош вафоти ҳақидаги хабар нима учун бир йил давомида сир сақланганига ҳам изоҳ берилган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг янги етакчиси, деб айтилаётган Усмон Одил.
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жангдаги суннатларига амал қилган ҳолда, нозик ҳал қилувчи, оғир жанг асносида мусулмонларнинг кўнгли чўкмаслиги, кофирларнинг руҳияти кўтарилмаслиги учун бу мусибатни ўша вақтда эълон қилмасликни лозим тутдик”, дейилади Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 2010 йил 17 август куни эълон қилинган баёнотида.

Айни пайтда, www.furqon.com сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари янги амир ўлароқ Тоҳир Йўлдошнинг “содиқ эски сафдошларидан ва ҳамфикр дўстларидан” бўлмиш Усмон Одилга “иттифоқ бўлган ҳолда итоат байъати ва аҳди”ни берганлар.

ЎИҲнинг янги амири деб айтилаётган Усмон Одилнинг айни шу сайтда эълон қилинмиш биринчи баёнотига мувофиқ, ҳаракат аъзолари бундан буён ҳам “жиҳод йўлида истиқоматда бўлиш” ниятидалар.

- Жамоатимиз мужоҳидлари танлаган ҳақ йўлларидан Аллоҳнинг ёрдами билан заррача чекинмаслар, Аллоҳнинг калимасини ер юзида олий қилиш, Ислом душманлари томонидан босиб олинган муқаддасотларимиздан, Ислом диёрларидан уларни қувиб чиқариш, тор-мор этиш, мазлум умматни бу зиллатдан Исломнинг нурли ҳаётига, иззату шарафига чиқариш йўлида муқаддас жиҳодларини ва фидокорликларини давом эттирадилар, иншаАллоҳ!

ЎИҲнинг янги амири деб айтилаётган Усмон Одил Тоҳир Йўлдош вафоти ва ўзининг ҳаракат етакчиси этиб тайинланиши муносабати билан қилган баёнотида Ўш ва Жалолобод воқеаларига ам тўхталади.

- Яқинда Жанубий Қирғизистонда содир бўлган қонли фожиалар ҳам куфр ҳукуматларнинг мусулмонларга қарши уюштирган разил ва пасткаш ҳийла-найранглари туркумидандир. Бу маккорларча уюштирилган фитнанинг қурбонлари яна оддий мусулмонлар, аёллар, қариялар, ёш болалар бўлдилар. Аллоҳ таоло мусулмонларга тўғри хулоса чиқариб азизлик ва шараф йўли бўлмиш жиҳод йўлига юришни насиб этсин!,- дея хитоб қилади овоз.

Тоҳир Йўлдош ким эди?

Тоҳир Йўлдош ким эди?

Йўлдошев Тоҳир Абдулҳалилович. Тоҳир Йўлдош ва Муҳаммад Тоҳир Форуқ номи билан машхур.

1968 йил 2 октябрда Намангандаги Рафиқ Мўмин маҳалласида туғилган. Мактабни тугатгач Совет армияси сафларига чақирилиб ҳизматни Афғонистонда ўтаган.

Горбачев даврида аввалига диний даъватчилик, кейин эса исломий ташкилотлар тузиш билан шуғулланади.

1991 йилда Адолат уюшмасини тузади. Уюшмадаги бўлинишдан кейин Ислом лашкарлари ва Тавба гуруҳларини ташкил этади.

1991 йил декабр ойида Наманган обкоми биносини ишғол қилади¸ воқеа жойига келган президент Каримовга исломий давлат тузиш талабини қўяди.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати маълумотларига кўра, 1991 йили Наманганда одамларни жазолаш ва қамашнинг муқобил тизимини яратган ва Уйчи туманида зиндон барпо қилиб, одамларни қамаган.

1992 йили Тоҳир Йўлдош сафдошларидан бир гуруҳи қамоққа олингач, у мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлади.

1996 йили Афғонистонда қочқин бўлиб туриб, Ўзбекистон исломий ҳаракатини тузади.

1997 йилда Тоҳир Йўлдошнинг уч укаси Мадамин, Муҳаммад ва Зоҳиджон Ўзбекистон МХХси томонидан қамоққа олинади.

1999 йилда Тожикистоннинг Жирғатол туманида қўним топади ва ўша ердан Қирғизистоннинг Боткент вилоятига ҳужум уюштиради. Боткент амалиëтидан кейин Тохир Йўлдош яна Афғонистонга қайтади.

Расмий Тошкент иддосига кўра, 1999 йили Тоҳир Йўлдош Теҳрондан туриб, 16 феврал куни Тошкентнинг бир неча жойида портлаш уюштирган.

Шу боис Ўзбекистон олий Суди 2000 йилда Тоҳир Йўлдошни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилади.

Бу маҳкамада судланган ЎИҲнинг воизи, деб айтилган Зайниддин Асқаров кейинчалик Тоҳир Йўлдошнинг бу портлашларга алоқаси йўқлигини айтган эди.

Тоҳир Йўлдошнинг Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати билан ҳамкорлик қилгани ҳақида иддаолар мавжуд.

Ал-Қоида билан ҳамкорлик қилган террорчи сифатида Тоҳир Йўлдош БМТ ҳавфсизлик кенгашининг ҳавфли жиноятчилар рўйхатига тиркалган.

2009 йили 27 август куни ПОкистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида АҚШнинг пилотсиз учқичидан қилинган ракета ҳужумида яраланади. Сал ўтмай касалхонада жон таслим қилади.

Ўзбекистон исломий ҳаракати бу хабарни жиҳод фикҳи нуқтаи назаридан яшириб келганини тан олиб, Тоҳир Йўлдошнинг ўлганлигини жорий йилнинг 16 августида эълон қилди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансуб, деб билинган нашрда Тохир Йўлдош жасадининг фотосурати берилган.

XS
SM
MD
LG