Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:19

Ўқитувчига бир пайтнинг ўзида ҳам пахтада¸ ҳам синфхонада бўлиш буюрилмоқда


Озодликнинг ҳокимият тизимларидаги манбасига кўра¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëев ўтказаëтган селектор йиғинларида Халқ таълими бошқармаси ва бўлимларига мактаблардаги ўқиш жараëнини тўхтатмаслик¸ айни пайтда ўқитувчиларни пахтага чиқариш талаб қилинмоқда. Бундай буйруқни бажариш йўлини топган мактаб директорлари эса¸ ўқитувчини тўлиқ дарс ўтиш¸ айни пайтда пахта тугагунча ўз ўрнига теримчи ëллашга мажбурламоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2 миллион нафарга яқин 18 ëшга тўлмаган ўқувчи меҳнатидан¸ халқаро босим остида воз кечишга мажбур бўлганидан сўнг бу текин иш кучи ўрнини тўлдириш мақсадида янги ва янги хилма-хил усулларни ўйлаб топмоқда.

Бундай усуллардан бири¸ ҳам давлат хизматчилари¸ ҳам хусусий тадбиркорларни пахтага чиқиш¸ чиқмаса¸ ўрнига одам чиқариш учун ҳар жойда ҳар хил қилиб белгиланган “нарх”ни тўлаб қўйишга мажбурлашдир.

Бундай мажбурлашнинг антиқа усули¸ ўрта мактаб ўқитувчилари устида тажрибадан ўтмоқда¸ афтидан.

Тепадан пастга туширилган бундай тажриба талабича¸ ўқитувчи кун бўйи мактабдаги дарс ва машғулотларни қолдирмаслиги¸ айни пайтда¸ терим мавсуми тугагунга қадар¸ пахтада бўлиши лозим. Бир одамнинг бир пайтнинг ўзида икки жойда бўлиши¸ ҳозирча фантастика фильмларидагина мумкин бўлгани боис¸ ўқитувчига ўзи мактабда қолиб¸ ўрнига мардикор ëллаш мажбурияти юкланмоқда:

“Мен Ўзбекистон Республикаси, Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги 45-мактабида ўқитувчилик қиламан, бу йилги пахта мавсуми бошланишидан олдин "опамиз" пахта учун пул йиғишимиз кераклигини эслатиб қўйдилар, аммо пахта мавсуми бошланганда йиғишимиз керак бўлган маблағни эшитиб ҳайрон қолдик - "опамиз" мажбуран ҳар биримиздан 750.000 сўмдан йиғиб олдилар. Бизлар нега энди пешона теримизни бола-чақамизга едирмасдан, балки бизларга умуман фойдаси йўқ пахта мавсумига сарф этишимиз керак? Гапирай десак ишдан ҳайдалсак, гапирмасак доим бер-бер, сизлардан илтимос шу иш юзасидан ёрдам берсаларинг”¸ деб мурожаат қилди янгийўллик ўқитувчи.

Бу иддаога жавоб берган Янгийўлдаги 45-мактаб директори Маърифат Абдураҳимова¸ шахсан ўзининг пул йиғаëтганини инкор қилди¸аммо ўқитувчилардан ишлаб туриб¸ ўрнимга одам ëллаб¸ ҳақини ўзим тўлайман¸ деган мазмунда тилхат олганини эътироф этди.

Директор таъкидича¸ бундай тилхатлар¸ ҳар бир ўқитувчининг шахсий делосига тиркаб қўйилган. Бундай қоғозга қўл қўйган ўқитувчи эса¸ мардикор бозоридан одам ëллаб¸ тегишли расмиятчиликни қилиб¸ ўрнига одам чиқариш мажбурияти ўз зиммасига олган. “Бу одам¸ ўқитувчининг боласими¸ жияними¸ ëки бозордаги мардикорми¸ бизга фарқи йўқ. Мардикор кимга қанчага тушаëтгани ҳам менинг ишим эмас”¸ дейди 45-мактаб раҳбари¸

Янгийўл туманининг бошқа мактабларида ҳам¸ Озодлик манбаларига кўра¸ ўқитувчилардан ўз ўрнига одам чиқариш ëки¸ раҳбарият белгилаган ставкани тўлаб қўйиш талаб қилинмоқда.

Маълумотларга кўра¸ бу нарх мавсум учун 750 мингдан 150 минг сўмгача ва бу пулни ўқитувчи ўз ойлигидан тўлаши лозим. Бюджетга қарам соҳа вакиллари каби ўқитувчи ойлигининг аксар қисми пластик карточкага нақдсиз ўтказилаëтган бир пайтда¸ ўқитувчи бу пулни қаердан олишни билмай овора. Бу талаб ижросига “ижодий” ëндашган айрим мактабларда ўқитувчилар бу пулни ўқувчилардан ўлпон сифатида йиғиб олмоқда.

Озодлик манбаларига кўра¸ ўқитувчиларга мантиқ доирасига сиғмайдиган “далага чиқма¸ лекин пахта тер”¸ қабилидаги талаб Бош вазир Шавкат Мирзиëев¸ қолаверса¸ ҳокимият расмийлари ўтказаëтган мажлисларда ҳар кун ўртага қўйилмоқда.

“Ҳокимият ҳар бир мактабдан пахтага бошга бош одам чиқарасан деб талаб қилаяпти. Ҳеч қандай эътироз қабул қилинмайди”¸ дейди ана шундай йиғинлардан кўпида қатнашган Озодлик манбаси.

Мактаб-маориф учун масъул бўлган Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийлари эса мактаб ўқитувчиларига юкланган бундай талабга вазирликнинг алоқаси йўқлигини айтиш билан чекланмоқда:

- Вазирлик томонидан ўқитувчиларни пахтага чиқариш бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган. Аксинча¸ ҳозирги терим пайтида уларга дарсдан ташқари машғулотларни кўпайтириш тавсия қилинган¸ деди Озодлик билан суҳбатда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати расмийси.

XS
SM
MD
LG