Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:52

Ислом Каримов қарши, аммо ГЭСлар қурилмоқда


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Остонада ўтказган матбуот анжуманида Тожикистонда Роғун ва Қирғизистонда Қамбарота ГЭСлари барпо этилиши юзасидан позицияси ўзгармаганини ва бу борада Қозоғистон президенти у билан ҳамфикр эканини маълум қилди. Бироқ Ўзбекистон қаршилигига қарамай ГЭСлар лойиҳаси бўйича ишлар давом этмоқда

Каримов ўз фикрини ўзгартирмади, Назарбоев Каримов тарафида(ми?)

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 25 ноябрь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан Остонада ўтган музокаралардан сўнг берган матбуот анжуманида минтақадаги сув-энергетика заҳираларидан фойдаланиш муаммоларини яна бир бор тилга олиб ўтди:

-Бугун биз Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимларида барпо этиладиган янги гидротехник иншоотлар тан олинган халқаро ҳуқуқ меъёрлари, БМТ конвенциялари ва бу дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган давлатлар билан албатта келишилган ҳолда амалга оширилиши шартлиги юзасидан позицияларимиз ягона эканини тасдиқладик, -деди Ислом Каримов.

Ислом Каримов қарши, аммо ГЭСлар қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:29 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон президентининг бу каби баёнотлари биринчи марта янграётгани йўқ. Каримов 2012 йилнинг 7 сентябрида Қозоғистонга қилган ташрифи чоғида Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапирар экан: "Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин", дея таъкидлаган эди.

Ўзбекистон расмийлари фикрича, Роғун ва Қамбарота ГЭСлари қурилиши минтақадаги экологик вазиятга жуда катта салбий таъсир кўрсатади ва сув тақчиллигига сабаб бўлади.

Россия Ўзбекистонга ҳам "хўп", деди, Қирғизистонга ҳам

Бир неча йил олдин Россия ҳукумати ҳам Ўзбекистоннинг гидроиншоотлар масаласидаги позициясига қўшилишини билдирган. Бироқ Россия ва Қозоғистон раҳбарлари Ўзбекистон президенти билан ҳамфикр эканини айтиш билангина чекланган ва Қирғизистон ҳамда Тожикистон ҳукуматларига бу масалада босим ўтказишга ҳаракат қилмаган. Аксинча, Россия минтақадаги гидроиншоотлар қурилишида сармоядор сифатида иштирок этишдан манфаатдор эканини билдириб келади.

Масалан, Россиянинг “Русгидро” ширкати Қирғизистонда Юқори Норин ГЭС каскадлари қурилишини бошлаган. Айни пайтда Россия билан ҳамкорликда Қамбарота -1 ГЭСининг техник асослари ишлаб чиқилмоқда.

Бироқ экспертлар Владимир Путиннинг Тошкентга декабрь ойида қиладиган ташрифи чоғида бу масала Ислом Каримов томонидан яна бир бор кўтарилади ва Тошкентни ўзига яқинлаштиришга ҳаракат қилаётган Кремль “Ўзбекистон позициясига яна бир бор қўшилади”, деган фикрни билдирмоқдалар.

Россия ваъдаларини бажара олиши даргумон

Экспертлар фикрича, бу гал Москванинг Ўзбекистон позициясини қўллаши жиддийроқ бўлади, чунки бу билан Кремль икки қуённи бир ўқ билан урган бўлади. Яъни Ўзбекистонни ўзига яқинлашитради ва минтақанинг бошқа давлатларига берилган баландпарвоз ваъдалар, жумладан, Қамбарота -1 ГЭСи қурилишига 2миллиард доллар сармоя ётқизиш шартномасини бажаришни ортга суради.

-Қамбарота-1 ГЭСининг лойиҳавий қиймати 4 миллиард доллар атрофида. Ҳозир Россия қурилишга ваъда қилган 1 миллиард долларни ололмаяпмиз. 4 миллиард долларни ким беради? Айни пайтда Россиянинг ўзи АҚШ ва Ғарб давлатлари жорий этган санкциялар оқибатида муаммолар гирдобида қолган, -деди қирғизистонлик эксперт Эрнест Карибеков.

Айни пайтда Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши давом этмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, Жаҳон банки 2015 йилгача мазкур қурилишга 710 миллион доллар миқдорида маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқарган. Жаҳон банки 2010-2012 йиллар давомида Роғун қурилишига 710 миллион доллар берган эди.

Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳасига ҳам қарши

Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистондан Афғонистон ҳамда Покистонга электр узатишга қаратилган CASA-1000 лойиҳаси минтақа иқтисоди ва экологияси учун ҳалокатли бўлишини иддао қилиб, мазкур лойиҳага қарши чиқиб келмоқда.

Ўзбекистонлик экспертлар CASA-1000 лойиҳасини амалга оширилиши Тожикистоннинг Роғун ГЭСи, Қирғизистоннинг эса Қамбарота 1 ГЭСи қурилиши билан узвий боғлиқ эканини айтмоқдалар. Ўзбекистон томони фикрича, мазкур қурилишларнинг амалга оширилиши минтақа сув хўжалиги ҳамда экологиясига катта миқдорда зарар етказади.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги томонидан шу йилнинг баҳорида тайёрлаган хулосада CASA-1000 лойиҳасида молиявий ва техник камчиликлар ҳам борлиги қайд этилади. Агар мазкур ҳужжатга ишонилса, техник жиҳатдан лойиҳа мукаммал эмас ва у электр узатишларда мунтазам узилишларга сабаб бўлади. Бу ҳолатда эса ҳар бир узилиш минтақа электр таъминоти учун 1000 мегават миқдоридаги кучланишнинг йўқотилишига олиб келади.

Молиявий жиҳатдан эса, Ўзбекистон мутахасислари ҳисоб-китобича, CASA-1000 лойиҳаси режалаштирилганидек 1 миллиард 281 миллион доллар эмас, камида 1 миллиард 821 миллион долларни талаб қилади. Мазкур лойиҳани амалга оширилишидан эса сармоядорлар 104 миллион доллар зарар кўришлари мумкин.

XS
SM
MD
LG